29-Mart, 2024-yil

Давлатимиз раҳбари “Яшил макон” доирасидаги устувор вазифаларни белгилаб берди

Бугун, 29 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил қилиш ҳамда чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Бу йил баҳорда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 125 миллион туп кўчат экиш белгиланган.

Пойтахтда амал қилаётган йирик қурилиш лойиҳаларида майдоннинг камида 30 фоизига дарахт экиш мажбурияти барча вилоятларда жорий қилиниши белгиланди.

Йирик саноат корхоналарида, барча саноат зоналари атрофида яшил ҳудудлар ташкил қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Чиқинди полигонлари атрофида терак, тут, гужум, заранг экиб, яшил белбоғ барпо қилиш, барча иссиқлик электр станциялари, гидроиншоотлар, сув омборлари атрофида ҳам кўчат экиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Ҳудудларда ободонлаштириш, тозаликни таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниши белгиланди.

Ҳар бир вилоятдаги 2 тадан, жами 26 та туманда тажриба тарзида ободонлаштириш бошқармалари вазифалари хусусий шериклик асосида чиқинди корхоналарига ўтказилади.

Бунда, тадбиркорлар ўзига бириктирилган ҳудудда дарахт ва гуллар экиш, уларни парваришлаш, ариқларни тозалаш, кўчаларни ёритиш билан бирга чиқиндиларни олиб кетиш билан ҳам шуғулланади. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлар тумандаги умумий ободонлаштириш билан шуғулланади ва шунга яраша ҳақ олади.

Йил якунигача янги тажрибани синовдан ўтказиб, 2025 йилдан барча туман ва шаҳарларда йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Чиқинди полигонларини тартибга келтириш ва чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича ҳам янги тизим ташкил этилиши белгиланди.

Мавжуд 194 та полигондан ресурсини ўтаб бўлганлари ёпилади. Ҳар бир вилоятда 3-4 тадан чиқинди полигони махсус эко-саноат зонасига айлантирилади ҳамда уларда қайта ишлаш ва ёқиш лойиҳалари амалга оширилади.

Қолган полигонларда чиқиндини вақтинча тўплаб, қайта юклайдиган станциялар ишга тушади. Улар эко-саноат зонасини кафолатланган чиқинди массаси билан таъминлашга хизмат қилади. Мутасаддиларга инвестор топиб, ўз ҳудудида камида биттадан чиқиндини ёқиш заводи қуриш лойиҳасини бошлаш топширилди.

Кўп қаватли хонадонларда аҳолини чиқиндини саралаган ҳолда шохобчага олиб боришга рағбатлантирадиган тизим жорий этилади.

Бунда, Экология жамғармаси ҳисобидан аҳолига махсус чиқинди пакетлари бепул берилади, аҳоли чиқиндини қайта ишланадиган, қайта ишланмайдиган ва органик тоифага ажратиб, шохобчага олиб боради. Тадбиркор эса қайта ишланадиган фойдали чиқиндини аҳолидан сотиб олади.

Ушбу тизим дастлабки босқичда Тошкент, Андижон, Бухоро, Термиз, Ангрен шаҳарлари ва Тошкент туманида йўлга қўйилиши белгиланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланди.

 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение