20-Mart, 2024-yil

Текширув ўтказиш тартибини бузган солиқчи жаримага тортилди

Бизнес-омбудсманга Сирдарё вилоятида фаолият юритувчи “Bunyodkor” МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари солиқ текширувларидан норози бўлиб, мурожаат йўллади.

Аниқланишича, Сирдарё вилоят Солиқ бошқармасининг
буйруғига асосан Гулистон шаҳар Солиқ инспекцияси томонидан “Bunyodkor” МЧЖда 01.07.2020 йилдан 07.12.2023 йилгача бўлган даврда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан солиқ аудити ўтказилган.

Текширишда жамиятга нисбатан фойда ва қўшимча қиймат солиқларидан қарийб 1,5 млрд сўм қўшимча солиқ ҳисобланган ҳамда текшириш якунларига кўра 30.01.2024 йилда Гулистон шаҳар солиқ инспекцияси томонидан солиқ ва пеня ҳамда молиявий жарима қўллаш бўйича қарор қабул қилинган.

Мурожаатни ўрганиш давомида, “Bunyodkor” МЧЖда ўтказилган текширишда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартиби бузилганлиги ҳолати аниқланди.

Жумладан, солиқ инспектори буйруққа кўра 07.12.2023 йилдан 05.01.2024 йилгача якуний солиқ (аудит) текшируви ўтказиши лозимлиги белгиланган бўлсада, буйруқда кўрсатилган муддат тугагандан сўнг текшириш муддатини тегишли тартибда узайтирмасдан, 06.01.2024 йилда жамият фаолиятида якуний солиқ текшируви ўтказган ҳамда текшириш якунлари бўйича далолатнома расмийлаштирган.

Қолаверса. якуний солиқ текширувлари бўйича жамият раҳбари ёки унинг вакилига унинг текширувда иштирок этиш учун юридик хизмат вакилларини ва (ёки) адвокатни жалб этиш ёки уларнинг иштирокини рад этиш ҳуқуқи ёзма шаклда тушунтирилмаган ва бу ҳақда баённома тузилмаган.

Бундан ташқари, текшириш якунларига кўра қўлланилган таъсир чораси “Ягона давлат назорати” Ахборот тизимига бугунги кунга қадар киритилмаган.

Шунга асосан, Бизнес-омбудсман девони томонидан Гулистон шаҳар Солиқ инспекцияси Камерал солиқ текширувлари шўбаси ходимига нисбатан МЖтКнинг 2412-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарликка тортилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение