13-Fevral, 2024-yil

Қишлоқ хўжалигида унумдорлик ва манфаатдорликни ошириш чоралари белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 12 февраль куни қишлоқ хўжалигида ишга солинмаган янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги ҳам миқдор, ҳам самарадорлик жиҳатидан ривожланмоқда. Кластер тизими орқали юқори унумли техника ва чуқур қайта ишлаш кириб келмоқда.

2023 йилда соҳада ишлаб чиқариш 4,1 фоизга ўсиб, 426 триллион сўмни ташкил қилган. Экспорт эса қарийб 2 миллиард долларга етган. 152 минг гектар боғ ва токзорлар барпо этилиб, 185 минг тонна мева-сабзавот, 31 минг тонна гўшт ва 485 минг тонна сутни қайта ишлаш қувватлари ишга туширилган.

Яқин тарихимизда илк бор пахтадан 3 миллион 700 минг тонна, ғалладан 8 миллион тонна ҳосил олинди. Уларнинг ҳисобини юритиш ва маҳсулотни сотиш тизими тўлиқ рақамлаштирилди.

Йиғилишда асосий эътибор қишлоқ хўжалигида унумдорликни ошириш, таннархни камайтириш, сувни тежашга қаратилиб, галдаги вазифалар белгиланди.

Президентимиз ер ва сув ресурслари чекланган шароитда янгича ишлаб, маҳсулотни кўпайтириш, соҳага саноат муҳитини олиб кириш зарурлигини таъкидлади.

Масалан, юртимизда бир гектар майдондан олинадиган ўртача ҳосил илғор мамлакатлардагига қараганда кам. Лекин ўғит ҳам, ёқилғи ҳам, сув ҳам 2 карра кўп ишлатилади. Шу боис хориждан серунум чигит ва уруғлар олиб келиб, деҳқонларни янги агротехнологияларга ўқитиб, ҳосилдорликни пахтада 50 центнер, ғаллада 100 центнерга етказиш мумкинлиги айтилди.

Давлатимиз раҳбари фермерларнинг манфаатдорлиги масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бугунги кунда, янги тартиб асосида, пахта хомашёси биржа орқали сотилмоқда. Нью-Йорк биржасида пахта нархи ошмоқда. Ғаллачиликда ҳам бозор муносабатлари ҳисобига фермерларнинг даромади 2 баравар ортган.

– Агар деҳқон ва фермерни иқтисодий манфаатдор қилсак, улар давлат маблағисиз ҳам ишлай оладиган вақтлар келади. Менинг мақсадим шу, – деди Шавкат Мирзиёев.

Манфаатдорликни янада ошириш учун бу йил, пахтачиликда бўлгани каби, ғалла етиштиришда ҳам имтиёзли кредитни тўғридан-тўғри фермерга бериш тизими жорий қилинади. Бундан ташқари, давлат ресурси учун харид қилинган буғдойни даладан ташиб келиш ва сақлаш харажати ҳам тўлиқ бюджетдан қопланади.

Фермер хўжаликларининг барқарорлигида харажат камлиги ҳам муҳим. Шунинг учун минерал ўғитлар таннархини бу йил 15 фоизга камайтириш, уларни биржага етарлича чиқариш, яна 70 та туманда ўғит омборлари ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, минерал ўғит сифати ва устамаси алоҳида назоратга олинади. Фермерларга ўз ҳисобидан ўғит сотиб олиш бўйича қулайлик яратилади. Жойлардаги омборлардан минерал ўғитни ташиш учун транспортни логистика порталида мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинади.

Сув йўқотилишини камайтириш мақсадида бу йил 75 та йирик канални бетонлашга бюджетдан 680 миллиард сўм ажратилган. Сув тежовчи технологиялар учун 3 йил имтиёзли давр билан 5 йилга 14 фоизли кредит бериш йўлга қўйилган. Йиғилишда бу борада ҳудудлардаги ишлар таҳлил қилиниб, сусткашликлар кўрсатиб ўтилди.

Соҳада ҳисоб-китоб интизомида ҳам камчиликлар борлиги айтилди. Масалан, кластерларнинг фермерлар олдидаги қарздорлиги ҳали тўлиқ тўланмаган.

Энди янги тизимга кўра, олдинги қарзини 1 апрелгача тўлиқ тўламаган кластер билан фьючерс шартномаси бекор қилинади ва фермерга пахтани биржада сотишга рухсат берилади. Маълумотни электрон платформага киритган ва фьючерс шартнома имзолаган фермерга кредит кўпи билан уч кун ичида ажратилиши шарт этиб белгиланди.

Йиғилишда мева-сабзавот етиштириш ҳамда экспорти ҳажмини ошириш чоралари ҳам кўриб чиқилди.

Бунинг учун, аввал ажратилган 200 минг гектарга қўшимча, яна 60 минг гектар ер аҳолига тарқатиб берилади. Шунингдек, томорқаларда кооперация асосида маҳсулот етиштириш қўллаб-қувватланади. Бу мақсадларга 100 миллион сўмгача гаровсиз, 150 миллион сўмгача гаров таъминоти пасайтирилган ҳолда имтиёзли кредитлар тақдим этилади. Фермер ва деҳқонларга зарур техникалар “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти томонидан 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан лизингга берилади. Четдан олиб келинадиган мотокультиватор ва минитракторларга божхона имтиёзи 3 йилга узайтирилади.

Сўнгги йилларда юртимизда иссиқхона майдонлари, уларда етиштирилган маҳсулотлар ҳажми 3 баробарга кўпайган. Бугунги кунда ёқилғисиз иситиладиган иссиқхоналар барпо қилиш оммалашиб бораяпти.

Президент бу тажрибани маъқуллаб, уларни кўпайтириш, деҳқонларга тайёр ҳолда қуриб бериш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.

Қишлоқ хўжалигига инвестициялар ҳам фаол жалб этилмоқда. Жорий йилда 655 миллион доллар хорижий сармояни ўзлаштириш режалаштирилган. Лойиҳаларда бозорга сархил маҳсулотлар етказиб бериш, озиқ-овқат инфляциясини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, импорт ўрнини босувчи 25 турдаги озиқ-овқат бўйича 342 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Буни давом эттириб, янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, халқаро брендларни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан янги лойиҳалар учун 10 йил муддатга, айланма маблағ учун 2 йил муддатга миллий валютада 18 фоиздан кредит ажратилади. Машҳур брендлар буюртмаларини корхоналарга жойлаштирадиган сорсинг компанияларни жалб қилиш харажатининг 50 фоизи қопланади. Бунда ҳар бир брендга 500 миллион сўмгача субсидия берилади.

Эндиликда сўмда экспорт қилган тадбиркорларга ҳам қўшилган қиймат солиғи қайтариб берилиши маълум қилинди.

Йиғилишда чорвачилик, ипакчилик ва балиқчилик тармоқларини қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам белгиланди.

Хусусан, чорва комплекси ташкил қилиш, қорамол олиш, омухта-ем чиқариш учун миллий валютада 17 фоиздан 3 йил имтиёзли давр билан 10 йилга кредит берилади. Чорва хўжаликларини айланма маблағ билан таъминлашга ҳам 1 триллион сўм имтиёзли кредит йўналтирилади. Унинг 18 фоиздан ошган қисми Тадбиркорлик жамғармасидан қоплаб берилади.

Пиллани Вьетнам ва Хитой тажрибаси асосида саноат усулида етиштириш йўлга қўйилади, ўрма тутзорлар барпо этилади. Ипакчилик институти ҳузурида 2 та наслли уруғлик станцияси ишга туширилади.

Тармоқда моддий манфаатдорликни ошириш учун икки босқичда бозор тамойилларига ўтилади. Бу йил биринчи босқичда пилла нархи 25 фоизга оширилади. Аҳолига пилла етиштириш учун субсидия берилади ва пилла етиштирувчилар даромад солиғидан озод қилинади. Иккинчи босқичда, 2025 йилдан нархни давлат белгилаши, кластерларга муайян туман ва фермерлар бириктирилишидан воз кечилади. Пилла фермер билан кластер ўртасида эркин нархда тузиладиган шартнома асосида ёки биржа орқали сотилади.

Дарё бўйларида ва хонадонларда ҳавзалар ўрнатиб, балиқ етиштиришни кўпайтириш бўйича ҳам вазифалар кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасаддиларнинг ҳисобот ва режалари эшитилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение