Сурхондарё вилоятида фаолият юритувчи “Даврон” (номи
ўзгартирилган) АЖнинг ишончли вакили 2023 йил 28 декабрь куни Сурхондарё
вилояти солиқ бошқармасининг ҳаракатсизлигидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга
мурожаат қилди.
Аниқланишича, тадбиркорлик субъектининг ўтган йиллардаги
фаолияти учун мулк солиғи бўйича ортиқча солиқ ҳисобланган. Шу боис, 2023 йилда
қайта ҳисоб-китоб қилиниб, асоссиз қарздорликни олиб ташлаш мақсадида солиқ
органларига янгиланган ҳисобот юборилган.
Бироқ бу ҳисоботлар солиқ органи ходимлари томонидан орадан
тўрт ойдан ортиқроқ вақт ўтишига қарамасдан, маълумотлар ҳали тўлиқ ўрганиб
чиқилмаганлиги важ қилиниб, қабул қилинмай келган.
Бизнес-омбудсман аралашуви билан тадбиркорнинг янгиланган
ҳисоботлари қабул қилинди ва тадбиркорлик субъекти 917 млн 303 минг сўмлик
солиқ ҳисоботидаги фарқи солиқ маълумотлар базасига қабул қилинди.