Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифининг ишбилармонлик
тадбирлари давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Гуандун
музофоти партия қўмитаси котиби Хуан Куньмин билан биргаликда Шэньчжэнь шаҳрида
ўтаётган қўшма Инвестиция форумида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари ўтган йил май ойида Хитойга давлат
ташрифи доирасида ҳам ушбу мамлакат ишбилармон, молия ва инвестиция
доираларининг етакчи вакиллари билан учрашувлар ўтказган эди. Ўшанда эришилган
муҳим келишувлар икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни
янада кенгайтирди.
Бугунги инвестиция форуми самарали мулоқотнинг давоми бўлиб,
икки мамлакат идоралари ва ҳудудлари раҳбарларини, Хитой йирик бизнесининг 600
нафардан зиёд вакилини тўплади. Хитойнинг Миллий нефть-газ корпорацияси, Миллий
кимё-инжиниринг компанияси, Аэрокосмик илмий-саноат корпорацияси, “China
Energy”, “Gezhouba Group”, “China CAMC Engineering”, “Huawei Technologies”,
“SANY Renewable Energy”, “BYD Auto Industry”, “Xinjiang Hualing Group”, “ZTE”,
“TBEA”, “Universal Energy” компаниялари, Хитой тараққиёт банки, Давлат
тараққиёт банки, Экспорт-импорт банки шулар жумласидан.
Давлатимиз раҳбари форумни очар экан, барча иштирокчиларни
самимий қутлади ва тадбир ҳақли равишда Хитойнинг инновациялар пойтахти
ҳисобланган Шэньчжэнь шаҳрида ўтказилаётганида ўзига хос рамзий маъно мужассам
эканини таъкидлади.
- Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли ва ўзаро
манфаатли муносабатлар, биринчи навбатда, иқтисодий ҳамкорлик алоқаларидан куч
олади, - деди Президент.
Кеча ХХР Раиси Си Цзиньпин билан самарали музокаралар
ўтказилгани катта мамнуният билан қайд этилди. Эришилган натижалардан бири
мамлакатларимиз бизнес вакиллари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларга қулай
шароитлар яратиш бўйича келишувлар бўлди.
Қабул қилинган тарихий ҳужжат – Ўзбекистон-Хитой
муносабатларини барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига
олиб чиқадиган давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти ҳам бунга хизмат қилади.
Ўзбекистон Президенти икки мамлакат ўртасидаги
савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал суръатда ўсиб, кенг кўлам касб
этаётганига алоҳида эътибор қаратди.
Хусусан, кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки баробар
кўпайиб, 2023 йилда рекорд кўрсаткич - 14 миллиард долларга етди. Давлатимиз
раҳбари яқин йилларда, шу жумладан қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини
ўзаро етказиб беришни кенгайтириш, айрим турдаги маҳсулотлар бўйича имтиёзли
савдони йўлга қўйиш тўғрисида янги ҳукуматлараро битим тузиш орқали бу
кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш учун имконият борлигини яна бир бор
қайд этди.
Хитойнинг Ўзбекистонга киритган умумий инвестициялари ҳажми
14 миллиард доллардан ошди. Хитой сармояси иштирокидаги корхоналар сони уч
баробар кўпайди.
Давлатимиз раҳбари яқинда Урумчида ўтган ҳудудлараро форум
ва саноат маҳсулотлари кўргазмасида муҳим инвестиция келишувлари имзоланганини
юқори баҳолади.
Ўзбекистон томони ушбу ишбилармонлик платформасига тизимли
тус бериш ва навбатдаги форумни юртимизда ўтказишга тайёрлиги билдирилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари доимий фаолият юритадиган икки мамлакат ҳудудлари
кенгашини ташкил этиш бўйича режаларни олқишлади.
Маълумки, Янги Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш ва
бозор механизмларини жорий қилиш бўйича таркибий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Юқори технологик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини
қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилган. Шу ойдан бошлаб “саноат ипотекаси” ишга
туширилмоқда, бунда ер ва ишлаб чиқариш майдонлари “тайёр бизнес” шаклида
инвесторларга берилади.
Йирик банклар, саноат ва инфратузилма объектларини
хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, давлат-хусусий шериклик
механизмларини жорий қилишга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларни янги лойиҳа ва ташаббусларни
илгари суришга сафарбар этиш муҳимлигини қайд этиб, давлатимиз раҳбари келгуси
ҳамкорликнинг устувор ва истиқболли йўналишларини кўрсатиб ўтди.
Булар - инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларига Хитой
молия институтлари маблағларини жалб қилишнинг соддалаштирилган тартибини жорий
қилган ҳолда ушбу мамлакат компаниялари билан шерикликни кенгайтириш,
иқтисодиётнинг устувор тармоқларида, шу жумладан стратегик хомашёни чуқур қайта
ишлашда саноат кооперациясини ривожлантириш.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигини барқарор юритишда
Хитойнинг илғор технологияларини жалб қилиш ҳамда ерларни қайта тиклаш ва тузга
чидамли ўсимликларни экиш бўйича илмий ёндашувларини жорий қилиш.
“Яшил” энергетикада стратегик шерикликни янада илгари суриш
ва Хитой компанияларининг хусусийлаштириш дастурида иштирок этиши ҳам муҳим
йўналишлар сифатида қайд этилди.
Шу муносабат билан инвестиция лойиҳалари портфелини,
инфратузилма ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастурларини кенгайтириш
бўйича хитойлик шериклар билан келишувларга эришилгани мамнуният билан қайд
этилди.
Шунингдек, ташриф давомида Хитойнинг етакчи банклари
томонидан лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтириш, Экспорт-импорт банки
ваколатхонасини очиш ва Ипак йўли фонди билан биргаликда янги Инвестиция
платформасини яратиш бўйича қабул қилинган қарорлар хитойлик ҳамкорларнинг
Ўзбекистондаги муваффақиятли фаолиятига кучли суръат бағишлаши таъкидланди.
- Яна бир янгилик. Ҳар бир хитойлик ҳамкорга лойиҳалар
бошидан охиригача ҳамроҳлик қилувчи инвестиция менежери тайинланади. Улар
компанияларингиз лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишида янги имкониятлар
яратишига қатъий ишонамиз, - деди Президент.
Гуандун музофоти партия қўмитаси котиби Хуан Куньмин ҳам
форум иштирокчиларига мурожаат қилди. Президентимиз олиб бораётган ортга
қайтмас ислоҳотлар сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдириб, Ўзбекистонда
очилаётган катта имкониятларни қайд этди ҳамда Хитой бизнесини мамлакатимизда
ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишда янада фаолроқ иштирок этишга
чақирди.
Бизнес форуми якунида энергетика, нефть-газ, тоғ-кон,
электротехника, енгил саноат, машинасозлик, инфратузилмани ривожлантириш,
қишлоқ хўжалиги, таълим, транспорт ва логистика соҳаларида лойиҳаларни амалга
ошириш бўйича ҳужжатларнинг катта тўплами имзоланди.
“Йўл харита”си ишлаб чиқилиб, ҳар бир лойиҳага масъул
менежерлар бириктирилади.
Якунда Ўзбекистон Президенти ушбу Гуандун инвестиция
форумини ҳар йили ташкил этиш ташаббусини илгари суриб, унинг навбатдаги
учрашувини келгуси йилда Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф қилди.