Навоий вилоятида фаолият юритувчи “Матонат” МЧЖ (номи
ўзгартирилган) раҳбари “Navoiy yo’l ko’kalam” давлат унитар корхонаси томонидан
шартнома шартлари бажарилмаётганлигидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат
қилди.
Аниқланишича, 2022 йил 25 сентябрда “Матонат” МЧЖ ҳамда
“Navoiy yo’l ko’kalam” давлат унитар корхонаси ўртасида техник хизмат кўрсатиш
тўғрисида шартнома тузилган.
Унга кўра тадбиркор томонидан шартномага мувофиқ белгиланган
тартибда автотранспорт эҳтиёт қисмлари етказиб берилган ва ушбу эҳтиёт қисмлар
ёрдамида техникалар таъмирлаб берилган.
Шунга қарамай, корхона томонидан кўрсатилган хизматлар учун
тўловлар амалга оширилмаган. Шундан сўнг тадбиркор Бизнес-омбудсманга мурожаат
қилишига тўғри келган.
Мазкур мурожаат асосида Бизнес-омбудсман томонидан Кармана
туманлараро иқтисодий судига жамият манфаатини кўзлаб даъво аризаси киритилди.
Суднинг ҳал қилув қарори билан “Navoiy yo’l ko’kalam” давлат
унитар корхонасидан жамият фойдасига бажарилган ишлар учун умумий қиймати 100
млн сўм бўлган пул маблағи ундирилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.