22-Yanvar, 2024-yil

Бизнес-омбудсман кўмагида тадбиркор ноқонуний талабдан ҳимоя қилинди

Замонавий бизнес оламида тадбиркорлар кўпинча фаолиятига ноқонуний аралашиш каби турли қийинчилик ва тўсиқларга дуч келишади. Бироқ амалдаги қонунчилик туфайли тадбиркорларга қўйилаётган ноқонуний талабларнинг олди олинмоқда. Намангандаги масъулияти чекланган жамияти раҳбарининг ноқонуний талаблар устидан қозонилган ғалабаси бунга яққол мисол бўла олади.

Наманган шаҳрида фаолият юритувчи “Сервис М” МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари номидан Бизнес-омбудсман девонига мурожаат келиб тушди. Тадбиркор Наманган шаҳридаги 2-туғруқ мажмуаси мансабдор шахсларининг коммунал тўловлар учун 140 миллион сўм миқдорида пул ундиришини талаб қилган ноқонуний талабларидан шикоят қилди. Бироқ амалдаги қонунчиликка кўра, тадбиркорларга қонуний асосга эга бўлмаган талаблар қўйиш тақиқланади.

Ушбу вазиятни ҳал қилишда муҳим қадам тадбиркорнинг Бизнес-омбудсманга мурожаати бўлди. Девон ходимлари мурожаатни дарҳол таҳлил қилишга киришиб, тадбиркорга амалий ва ҳуқуқий кўмак берилди. Ноқонуний талабларга йўл қўймаслик, туғруқ мажмуаси билан муносабатларда шаффофликни таъминлаш мақсадида фойдаланилган электр энергиясини ҳисобга олиш учун ваколатли ташкилот орқали алоҳида ҳисоблагич ўрнатишга амалий ёрдам берилди.

Бундан ташқари, Бизнес-омбудсман девони ходимлари 2-сонли туғруқ мажмуаси мутасаддилари билан ҳамкорликда иш олиб борди. Улар ташқи тадбиркор билан муносабатларда белгиланган тартиб ва ​​шартларга мувофиқ ҳаракат қилишлари шартлиги тушунтирилиб, ноқонуний талаблар қўйишга чек қўйилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение