19-Yanvar, 2024-yil

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартиби такомиллаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди.

2024 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн аукцион савдолари жорий этилади.

а) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари электрон онлайн аукцион савдолари орқали ўттиз йилга ижарага берилади, бунда бошланғич нарх ер участкасининг норматив қиймати миқдорида белгиланади;

б) ер участкаларини электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича материалларни тайёрлаш, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилгунига қадар, очиқ электрон танлов учун белгиланган тартибда, электрон онлайн аукцион савдоларини ўтказиш эса, аукцион савдоларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибига мувофиқ амалга оширилади;

в) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолибларига ер участкаси нархини уч йил муддатда ҳар ойда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;

г) деҳқон хўжалиги, якка тартибда боғдорчилик, полизчилик ва чорвачиликни юритиш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолиби бўлган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган фуқароларга ер участкаси нархини беш йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;

д) электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижара ҳуқуқини сотишдан тушган маблағлар ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин оператор хизмат ҳақи чегирилган ҳолда қуйидаги тартибда тақсимланади:

10 фоизи – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотларга (2 фоиз – “Агросаноатни рақамлаштириш маркази” МЧЖга, 3 фоиз – “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институтига, 5 фоиз – Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармасига);

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир ярим баравари миқдорида – ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатдан ўтказувчи органнинг ҳисобварағига;

қолган маблағлар – тегишли туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение