Президент Шавкат Мирзиёев 15 январь куни тадбиркорларнинг
барқарорлик рейтингини жорий қилиш бўйича тақдимот билан танишди.
Тадбиркорликни ривожлантириш давлатимиз иқтисодий
сиёсатининг устувор йўналиши. Бизнес учун шароитлар изчил яхшиланиб бормоқда.
Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида тадбиркорларга янада қулайликлар
яратилади. Бу 5 миллион аҳоли бандлигини таъминлашда жуда муҳим ўрин тутади. Бу
мақсадлар учун 83 триллион сўм ва 275 миллион доллар кредит ҳамда субсидиялар
йўналтирилиши кўзда тутилган.
Рейтинг жорий қилиниши тадбиркорлар фаолияти учун ўзига хос
рағбат бўлади. Бунинг аҳамияти ҳақида давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан
очиқ мулоқотида айтилган эди. Шундан сўнг мазкур рейтингнинг мезонлари ва
тартиб-тамойиллари ишлаб чиқилди.
Унга кўра, тадбиркорлар фаолият даври, рентабеллик даражаси,
тўлов интизоми, аҳоли бандлигидаги ўрни ва иш ҳақи каби 23 та мезон асосида 4
та тоифага ажратилади. Бу солиқ, адлия ва суд органлари маълумотлари асосида
шаклланади. Ҳар бир тадбиркор ўз ўрни ва баҳосини реал вақтда билиб бориши
мумкин бўлади.
Рейтинги юқори тадбиркорлар учун барча солиқ текширувлари
бекор бўлади, қўшилган қиймат солиғи суммаси бир кунда ва бошқа солиқ турлари
бўйича ортиқча тўлов уч кунда қайтариб берилади. Товарларни импорт қилишда ва
сотишда қўшилган қиймат солиғини божхона ва солиқ органларида ўзаро ҳисобга
олиш имконияти яратилади. Аукционда олинган давлат активлари ва ер участкалари
қийматини бўлиб тўлаш муддати 3 йилдан 5 йилгача узайтирилади. Бунда камида 15
фоиз миқдорида дастлабки тўловни бирйўла амалга оширганда, қолган суммага
йиллик фоизлар ҳисобланмайди.
Бундай рейтинг шунинг учун ҳам муҳимки, энди тадбиркорлар
фаолиятига солиқчилар эмас, электрон тизим баҳо беради. Келгусида субсидия,
имтиёз ва преференциялар рейтингдан келиб чиқиб берилади. Кўрсаткичи паст
бўлганлар интизомли тадбиркорлар сафига кириш ва кўпроқ имкониятга эга бўлиш
учун ҳаракат қилади.
Яна бир томони, бу рейтинг тадбиркорларга ўз ҳамкорлари
тўғрисида ишончли маълумот берувчи ҳимоя тизимига айланади. Яъни, шубҳали
шартномалар ва инсофсиз рақобатга чек қўйилиб, “яширин” иқтисодиёт қисқаради.
– Тадбиркорларнинг таклифлари асосида бизнес учун шароитларни
тобора яхшилаб боряпмиз. Яқинда қабул қилинган қарорлар билан 16 та лицензия ва
34 турдаги ҳисоботни бекор қилдик. Тадбиркорлар синфи жамиятда етакчи кучга
айланмоқда, ёшлар уларга қараб интилмоқда. Энди ушбу рейтинг орқали
тадбиркорлар ўртасида қонунларга итоат қилиш, интизомли ва ҳаракатчан бўлишни
рағбатлантириш зарур. Буни жорий қилиш ва самарадорлигини таъминлашда
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат кенгашининг ўрни катта бўлиши
керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Тақдимотда “Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги”
платформаси 1 мартга қадар ишга туширилиши белгилаб олинди. Савдо-саноат
палатаси томонидан жойларда учрашувлар ўтказилиб, рейтинг имкониятларини
тушунтириш ишлари олиб борилади. Субсидия, имтиёз ва преференциялар ажратишнинг
шаффоф тизими йўлга қўйилади.
Рейтинги паст тадбиркорлар билан манзилли ишлаб, фаолиятини
жонлантириш ва тиклашга ёрдам бериш муҳимлиги қайд этилди.