12-Yanvar, 2024-yil

Солиқ органи томонидан нотўғри қўлланилган жарима камайтирилди

 Бизнес-омбудсман девони томонидан Қарши шаҳрида фаолият юритувчи ЯТТ Б.Ж.нинг солиқ органи қароридан норози бўлиб, Тадбиркор виртуал офисига қилган мурожаати ўрганилди.

Аниқланишича, Қарши шаҳар солиқ инспекциясининг 12.04.2023 йилдаги қарорига кўра, Б.Ж.га Солиқ кодекси 221-моддаси биринчи қисмига асосан 10 млн сўм жарима қўлланилган.

Маълумки, Солиқ кодексининг 216, 218-моддаларига кўра, солиққа оид ҳуқуқбузарликнинг илгари худди шундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилган шахс томонидан содир этилганлиги жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат деб эътироф этилади. Ушбу ҳолат мавжуд бўлган тақдирда жарима миқдори икки баробар оширилади.

Солиқ кодексининг 221-моддаси биринчи қисмига кўра ҳуқуқбузарлик содир этилганда 5 млн сўм миқдорида жарима қўлланилиши лозим.

Бироқ, Б.Ж. томонидан муқаддам худди шундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилмаганлигига қарамай, солиқ органи томонидан 10 млн сўм жарима қўлланилган.

Солиқ кодекси 218-моддасига кўра шунингдек, аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлардаги айбга иқрор бўлинганда ва солиқ органининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда молиявий санкциялар суммаси ихтиёрий равишда тўланганда жарима миқдори икки бараварга камайтирилади.

Шу боис, Қарши шаҳар солиқ инспекциясининг 21.12.2023 йилдаги қўшимча қарори қабул қилиниб, қонун бузилиши бартараф этилди ва Бизнес-омбудсман девонининг қонуний талаблари асосида нотўғри қўлланилган 10 млн сўм жарима 5 млн сўмга камайтирилди ҳамда қонундаги 10 кунлик имтиёздан фойдаланган ҳолда тадбиркор 2,5 млн сўм миқдорида жарима тўлайдиган бўлди.

Исмоил Сайитов,

Бизнес-омбудсман девони етакчи инспектори 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение