Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари давлат органлари,
шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан
кўриб чиқишда қонун нормаларига риоя этилиши мунтазам равишда ўрганиб
келинмоқда.
Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи Т.Е. ўзи истиқомат
қилиб келаётган хонадонида ташкил қилган тадбиркорлик фаолияти бўйича
фойдаланган электр энергияси учун тўловлар аҳоли учун белгиланган тарифлар
бўйича ҳисобланмаётганлигидан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, Т.Е. 2016 йилда “Юридик шахс ташкил этмаган
оилавий тадбиркорлик” фаолияти билан шуғулланиш учун давлат рўйхатидан ўтиб,
ўзи яшаб келаётган уйида тадбиркорлик фаолиятини кўрсатиб келган.
Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик
тўғрисида”ги Қонунининг 28-моддасига кўра, оилавий корхона турар жойдан бир
вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар
бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма
хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва
иссиқлик таъминоти) ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва
шартлар асосида амалга оширилади.
Лекин шунга қарамасдан тадбиркорнинг фойдаланган электр
энергияси ҳақини тўлаш учун аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича
ҳисобланмасдан келаётганлиги аниқланди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Қорақалпоғистон филиалига
ушбу ҳолатлар бўйича хат юборилди ва филиал томонидан тадбиркорга аҳоли учун
белгиланган тариф ва шартлар бўйича электр энергияси етказиб берилиши
таъминланди.