9-Yanvar, 2024-yil

2023 йил тадбиркорлар учун кенг имкониятлар йили бўлди

 Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида кейинги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратишда самарали давлат сиёсатини юритаётган давлат сифатида намоён бўлмоқда.

Юртимизда хусусий сектор нафақат тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш, балки унинг ривожланишига билвосита таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай йўналишни ривожлантириш орқали ривожланиб, кенгайиб бормоқда.

Бу тадбиркорлик учун зарур бўлган малакали кадрларни тайёрлаш, таълим тизимидан тортиб, транспорт-коммуникация, ташқи савдо, энергетика, туризм ва бошқа тизимларни, тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишини ҳам босқичма-босқич ривожлантириб боришдир.

Ўтиб бораётган 2023 йил тадбиркорлар учун кенг имкониятлар берилган ва уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган йил бўлди.

Тадбиркорларимиз фаолиятида юзага келган актуал масалалар йил давомида Давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлди.

Хусусан, йил бошидаги аномал совуқ оқибатида молиявий қийинчиликларга дуч келган ва фаолиятини вақтинча тўхтатган тадбиркорлар қўллаб-қувватланди.

Газ ва электр қувватидан узилишга мажбур бўлган тадбиркорларга ўз фаолиятларини тиклаб олишлари учун имкон берилди, кредитлар ва солиқлар бўйича қарзлар ва тўловларни кечиктириб тўлаш, юзага келган пеня ва қарздорликдан воз кечиш чоралари кўрилди. Бунинг натижасида уларга босқичма-босқич катта йўқотишларсиз яна ўз ишларини йўлга қўйишлари учун имкон берилди.

Қолаверса, жорий йилда янгиланган Конституциямизда ҳам тадбиркорларнинг ҳуқуқий кафолатларига бағишланган муҳим нормалар белгиланди.

Бу кафолатларнинг айнан Конституцияда белгиланиши тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари бевосита таъминланиши учун имкон беради. Қолаверса, бош қомусимизда белгиланган кафолатлар ўз-ўзидан қонун ва қонуности ҳужжатлари учун ҳам мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Конституцияда тадбиркорларнинг пул маблағлари дахлсизлигини таъминлаш бўйича белгиланган кафолатларнинг қонун ва қонуности ҳужжатларида акс этирилишини таъминлаш мақсадида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, 2023 йил 10 майдаги ЎРҚ-841-сонли қонун қабул қилиниб, қонун билан тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисоб рақамларидаги пул маблағларининг дахлсизлигини таъминлаш ҳамда давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларининг мансабдор шахслари жавобгарлигини ошириш кўзда тутилди.

Қонунчиликка киритилган янги нормага кўра, тадбиркорлик субъектлари банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланди.

Бу йилда давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти яна бир бора самарали ташкил этилди, тадбиркорлардан келиб тушган таклифлар, таҳлиллар натижасида мутасадди ташкилотлар олдига муҳим вазифалар қўйилди.

Очиқ мулоқотда бизнес вакилларини энг кўп қизиқтирган масалалардан бири – молиялаштириш механизмларини кенгайтириш бўлган бўлса, бунга ҳам муҳтарам Президентимиз ечим қилиб бердилар. Тадбиркорлар учун молиявий қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмлари белгиланиб, уларнинг лойиҳасини бошлашдан тортиб, то тўлиқ амалга ошгунга қадар бўлган жараён узвий боғланган тизим ҳолига келтирилди.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларида давлат органлари мансабдор шахслари томонидан риоя қилинишини назорат қилувчи тузилмалардан бири бу Бизнес-омбудсмандир.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Бизнес-омбудсман томонидан ҳам тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатлар асосида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 3 387 та таъсир чораси қўлланилди. Шундан 3 080 та ҳолатда маъмурий ишлар кўрилиб, тадбиркорлар ҳуқуқларини бузган мансабдорлар жавобгарликка тортилди. Қолаверса, йил давомида Бизнес-омбудсман томонидан 33,5 миллиард сўмлик даъво аризалари тадбиркорлар манфаатида судларга киритилди.

Қолаверса, “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали келиб тушган мурожаатлар асосида тадбиркорларга 20 млрдга яқин кредит ажратилиши, 10 млрд сўмдан ортиқ асоссиз тўланган солиқ суммалари қайтарилиши, 3,7 млрд сўм пул маблағи ундирилишида ёрдам кўрсатилди. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича мансабдор шахсларга нисбатан жазо чоралари қўлланилди.

Келгуси йилда ҳам бизнес вакилларини қийнаётган масалаларни чуқур таҳлил қилган ҳолда таклифлар тайёрлашга, рақамли имкониятларни соҳага кенг жорий қилган ҳолда қонун ҳужжатлари ижроси самарадорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, тадбиркорлик фаолияти учун барқарор ва дахлсиз муҳитни яратишда, ҳалол ва инсофли тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш келгусида ҳам давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Дилмурод Касимов, Бизнес-омбудсман

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение