29-Dekabr, 2023-yil

Ёш тадбиркорнинг мурожаати ижобий ҳал этилди

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида фаолият кўрсатаётган ёш тадбиркор солиқ органи томонидан 16,7 млн сўм ер солиғи ҳисобланганлигидан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5466-сонли Фармони асосида Нукус шаҳар ҳокимининг 2021 йил 26 май кунги қарори билан «Ёшлар келажагимиз» давлат дастури бўйича тадбиркорлик билан шуғулланиш учун 0,15 га ер майдони ажратилган.

Ушбу ер участкаси давлат кадастрлар палатасида 06.07.2023 йилда давлат рўйхатидан ўтказилган.

Лекин давлат солиқ органи томонидан ер участкаси ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказилмаганлигини (2021 йил 26 май кунидан – 2023 йил 6 июль куни оралиғи даврида) ҳужжатсиз деб баҳолаб, белгиланган солиқ ставкасининг уч баравари миқдорида (16,7 сўм) жарима қўлланилган.

Ваҳоланки, қонунчиликда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишга ўз вақтида мурожаат этмаслиги учун маъмурий жарима қўлланилиши назарда тутилган бўлиб, лекин солиқ ставкасининг уч баравари миқдорида белгиланиши назарда тутилмаган.

Яъни Солиқ кодексининг 437-моддасида белгиланган солиқ ставкаларининг уч баравари миқдорида белгиланиши ҳолатлари аниқ кўрсатилган бўлиб, унга асосан ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда юзага келади.

Мазкур ҳолатда солиқ ставкасининг уч баравари миқдорида ҳисобланган солиқ ноқонунийдир.

Ёш тадбиркорнинг мутасадди ташкилотларга мурожаатлари ҳеч қандай натижа бермагач, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.

Бизнес-омбудсман юқори турувчи солиқ органига киритган хати туфайли солиқ ставкасининг уч баравари миқдорида ҳисобланган жарима бекор қилиниб, тадбиркорнинг муаммоси ижобий ҳал этилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение