15-Dekabr, 2023-yil

Тошкент ва Навоий вилоятларида тадбиркорларнинг қарийб 280 млн сўмлик қарздорлиги ундириб берилди

     Тошкент вилоятида фаолият юритувчи “X.Q.M” (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари Бизнес-омбудсманга мурожаат қилиб, Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти биносини 2022 йилда реконструкция қилиш ишларини тугаллаган бўлишига қарамай, шартномада кўрсатилган маблағни тўлаб берилмаётганидан норози бўлиб мурожаат йўллаган.

Мурожаатда келтирилган масалани ўрганиш жараёнида, ҳақиқатан ҳам, жамият томонидан шартнома шартлари тўлиқ бажарилган бўлишига қарамай, Ягона инжиниринг компанияси ва масалага алоқадор бошқа молия органлари томонидан 176 миллион сўм маблағ тўлаб берилмаганлиги аниқланди. Бизнес-омбудсман девони ходимлари аралашуви билан қисқа муддатда жамият ҳисоб рақамига маблағларни тўлиқ ўтказиб берилиши таъминланди.

 

Шунингдек, яна бир ҳолатда Навоий вилоятида фаолият юритувчи “Саховат” МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари Бизнес-омбудсманга Хатирчи туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан шартнома шартлари бажарилмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилди.

Аниқланишича, “Саховат” МЧЖ ҳамда Хатирчи туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ўртасида 28.03.2022 йилда мактаб биносини жорий таъмирлаш бўйича шартнома тузилган ҳамда тадбиркор томонидан 105 миллион сўмлик қурилиш монтаж ишлари амалга оширилган бўлишига қарамай, бажарилган ишлар учун тўлов қарийб бир йил давомида тўлаб берилмай келинган.

Бунга сабаб сифатида тарафлар ўртасида тузилган шартнома Ғазначилик бўлимида рўйхатдан ўтмаганлиги кўрсатилган.

Вакил томонидан Кармана туманлараро иқтисодий судига жамият манфаатини кўзлаб Хатирчи туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан бажарилган ишлар учун умумий қиймати 105 млн сўм бўлган пул ундириш бўйича даъво аризаси киритилиб, суднинг ҳал қилув қарори билан жамият фойдасига пул маблағи ундирилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Тадбиркорлар учун эслатма:

    Давлат органлари билан шартнома тузганингизда, пул маблағларингиз ўз вақтида тўланишини хоҳласангиз, шартноманинг 3 кун ичида махсус ахборот порталига жойлаштирилишини назорат қилинг.

 

    Шунингдек, бажарилган шартномалар доирасида пул маблағрини ололмаётган бўлсангиз, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилинг!

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение