14-Dekabr, 2023-yil

Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатлари янада ривожлантирилади

     Ўзбекистон Президентининг «Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

    Фармонга кўра, 2024 йил ҳосилидан пахта етиштирувчи хўжаликлар ва кластерлар ўртасида пахта етказиб бериш бўйича фьючерс шартномалари тупроқ ҳосилдорлиги нормативлари доирасида Товар-хомашё биржасининг «пахта хомашёси секцияси»да ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ўтказиладиган савдолар натижаларига кўра тузилади.

    Шунингдек, 2024 йил ҳосилидан пахта етиштириш, пахта йиғим-терими ва харидини Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг кредит ресурслари ҳисобидан молиялаштиришнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

    фьючерс шартномаси тузган етиштирувчи ва уруғчилик субъектларига ҳар йили 1 октябрдан, пахта етиштириш учун –пахта қийматининг 60 фоизигача йиллик 10 фоизда 14 ойга, шу жумладан 12 ойлик имтиёзли давр билан кредит ажратилади;

 

кластерларга:

    пахта хариди бўйича якуний ҳисоб-китоб учун пахта қийматининг 80 фоизигача йиллик 10 фоизда 10 ойга, шу жумладан 6 ойлик имтиёзли давр ва охирги 4 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан;

    ижара ҳуқуқи мавжуд бўлган ер участкасида пахта етиштириш учун – пахта қийматининг 60 фоизигача йиллик 10 фоизда 24 ойга, шу жумладан 18 ойлик имтиёзли давр ва охирги 6 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан;

    ижара ҳуқуқи мавжуд бўлган ер участкасида етиштириладиган пахтанинг йиғим-терими учун пахта қийматининг 20 фоизигача йиллик 10 фоизда 12 ойга, шу жумладан 3 ойлик имтиёзли давр ва охирги 9 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан кредит ажратилади;

    фьючерс шартномасига асосан етиштирувчилардан қабул қилинган пахта учун тўловларнинг 80 фоизи пахта қабул қилиб олинган кундан бошлаб 3 иш кунидан кечиктирмасдан, қолган қисми молия йилининг 31 декабрь кунигача амалга оширилади.

    2024 йил 1 майгача 2024 йил пахта ҳосилидан электрон тарози орқали қабул қилинган пахта ва ишлаб чиқарилган пахта толасини автоматлашган мажбурий ҳисобга олиш тизими жорий этилади.

 

2024 йил 1 январдан:

    кластерларда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий қилиш;

    кластерларга нуфузли халқаро аудиторлик ташкилотларини жалб қилган ҳолда улар фаолияти самарадорлиги ва молиявий кўрсаткичларини мустақил ташқи аудитдан ўтказиш чоралари кўрилади.

    Эндиликда пахта хомашёси фермерларнинг ўз маблағлари, шу жумладан, тижорат кредитлари ҳисоби билан етиштирилганда пахта хомашёси ёки ундан олинадиган бирламчи ва иккиламчи маҳсулотларни (тола, чигит, линт ва бошқалар) биржада эркин сотилади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение