Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи “Сардор” (номи
ўзгартирилган) фермер хўжалиги раҳбари Каттақўрғон тумани Қорадарё электр
таъминоти корхонаси (ЭТК) томонидан электр энергияси учун асоссиз қарздорлик
ҳисобланганлиги ҳамда ҳисобрақамига ортиқча тўлов талабномалари қўйилганлигидан
норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ манфаатида Каттақўрғон туманлараро иқтисодий
судига “Сардор” фермер хўжалигидан 01.03.2023 йил ҳолатига электр энергияси
учун тўловдан вужудга келган 249 млн сўм қарздорлик ва 114 млн сўм пеняни
ундириш юзасидан даъво аризаси киритилган.
Суднинг 2023 йил 22 июндаги ҳал қилув қарорига асосан,
жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 50 млн сўм қарздорлик ва 20 млн сўм пеня
ундириш белгиланган. Даъво талабининг 199 млн сўм қарздорлик ва 94 млн сўм
пеняни ундириш қисми қаноатлантиришдан рад этилган.
Суднинг мазкур ҳал қилув қарори юзасидан даъвогар томонидан
апелляция шикояти киритилмаганлиги сабабли қарор 2023 йил 23 июлдан қонуний
кучга кирган.
Шунга қарамай, ЭТК томонидан фермер хўжалигининг 2023 йил
сентябрь ойи электр энергияси истеъмоли бўйича ҳисоб-китобларда суд қарори
билан қаноатлантиришдан рад қилинган пеня суммаси тўлиқ камайтирилган, лекин асосий
қарздорлик 140 млн сўмга камайтирилмасдан қолган.
Натижада ЭТК томонидан тақдим қилинган солиштирма
далолатномага кўра, 01.11.2023 йил ҳолатига фермер хўжалигининг ҳақиқий
қарздорлиги 125 млн сўм ўрнига 265 млн сўмни ташкил этган.
Бундан ташқари, ЭТК томонидан фермер хўжалигининг ҳисоб
рақамига электр энергия тўлови учун қарздорлик ҳисобига 28.10.2022 йилда 329
млн сўм ва 18.05.2023 йилда 371 млн сўм тўлов талабномалари қўйилган бўлиб,
ҳақиқий мавжуд қарздорлик суммасига нисбатан жами 576 млн сўмга кўп қўйилган.
Мурожаатни ўрганиш натижасига кўра, Бизнес-омбудсман
томонидан мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан “Ҳудудий электр
тармоқлари” АЖга тақдимнома киритилди. ЭТК томонидан фермер хўжалигининг
ҳисобрақамига электр энергия тўлови учун қарздорлик ҳисобига қўйилган барча
тўлов талабномалари қайтариб олиниши таъминланди.