12-Dekabr, 2023-yil

Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди - ФОТОРЕПОРТАЖ

    Жорий йилнинг 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгаши навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

 

    Кенгаш йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Дилмурод Касимов, Жамоатчилик кенгаши аъзолари, вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбар ходимлари иштирок этишди.

 

    Маълумки, Жамоатчилик кенгашининг йиғилишларида тадбиркорлик соҳасида қабул қилиниши белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, тадбиркорларни қийнаётган муҳим масалаларни муҳокама қилиб борилиши белгиланган.

 

    Хусусан, Жамоатчилик кенгашига тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш, тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда ваколатли давлат органларига тақдим этиш каби вазифалар юклатилган.

 

    Шунингдек, давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, илмий доиралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш масалалалри ҳам жамоатчилик кенгашининг вазифаларидан ҳисобланади.

 

    Бугунги ўтказилган йиғилишда кўплаб тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини инобатга олган ҳолда Солиқ кодексининг 227-1-моддасида назарда тутилган жазо чораларини енгиллаштириш масаласи муҳокама қилинди.

 

    Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “очиқ мулоқот” якунлари бўйича қабул қилинган ПҚ-292-сонли қарори “йўл харитаси”нинг 27-бандида Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини адолатлилик тамойили асосида белгилаш бўйича Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган бўлиб, унинг ижро механизмида “Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини, шунингдек, товарларни (маҳсулотларни) идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарималар миқдорини ҳуқуқбузарлик натижасида етказилган зарар миқдорига мутаносиб равишда белгилаш” назарда тутилган.

 

    Ушбу масала бўйича Солиқ қўмитаси томонидан тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бироқ, лойиҳада тадбиркорларни қийнаб келаётган Солиқ кодексининг 227-1-моддасида назарда тутилган жазо чораларини енгиллаштириш масалалари инобатга олинмаган.

 

    Ушбу лойиҳага айнан ушбу моддада назарда тутилган жазо чорасини енгиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилган.

 

    Солиқ кодексининг 227-1-моддасида “Фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш, шунингдек, товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш – реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши” белгилаб қўйилган.

 

    Мазкур жарима қўлланилиши тадбиркорлик субъектлари билан солиқ органлари ўртасида деярли барча ҳолатларда низолар келтириб чиқармоқда.

 

    Амалиётда бугунги кунда асосий фаолият тури ишлаб чиқариш бўлган тадбиркорлар томонидан жами товар айланмасининг катта қисми маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил қилиб, қўшимча фаолиятида идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотлар сотиш ҳисобланган тадбиркорлик субъектларида ўтказилган сайёр солиқ текширувлари натижасида, идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотлар бўйича қонун бузилиш ҳолати аниқланганда жарима жами товар айланмага нисбатан қўлланилмоқда.

 

    Тадбир якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг таклифлари батафсил муҳокама қилинди ва якуний хулоса Прзидент Администрациясига ва Вазирлар маҳкамасига киритиш белгилаб олинди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение