Ҳар йили бутун дунёда аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик
муаммоси ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида “Гендер асосидаги
зўравонликка қарши 16 кунлик фаоллик” акцияси ўтказилади. Кампания 25 ноябрь –
Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунида бошланиб, 10 декабрь
– Инсон ҳуқуқлари кунида тугайди.
Аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик турлари ҳақида гап
кетганда, асосан жисмоний, психологик ва жинсий зўравонлик назарда тутилади.
Бироқ аёлларга нисбатан иқтисодий зўравонлик ҳам мавжуд.
Иқтисодий зўравонлик нима?
Иқтисодий зўравонлик аёллар ва қизларнинг иқтисодий
имкониятларини ва эркакларга қарамлигини чеклаш орқали уларга зарар етказадиган
зўравонлик шаклидир. У иш ҳақини ушлаб қолиш, аёлларни молиявий ресурслардан
фойдаланишдан маҳрум қилиш, мулкни назорат қилиш ёки таълим ва меҳнат
имкониятларини чеклаш каби турли шаклларда намоён бўлиши мумкин.
Бу таъриф Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилда қабул
қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги
Қонунида ўз аксини топган.
Аёлларга нисбатан иқтисодий зўравонликнинг олдини олиш
жамият олдида турган долзарб вазифалардан биридир. Айниқса, Ўзбекистонда сўнгги
йилларда бу муаммони ҳал этиш, хотин-қизларни ҳаётнинг турли жабҳаларида
қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистонда тадбиркор аёллар сони
ортгани кузатилмоқда. Бу ижобий кўрсаткич аёлларнинг тадбиркорлик соҳасида
фаоллиги ва мустақиллигидан далолат беради. Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистонда
тадбиркор аёллар сони икки баравар кўпайди. Бугунги кунда мамлакатимиздаги
тадбиркорларнинг 40 фоизини аёллар ташкил этади.
Аёллар учун хавфсиз муҳитни, жумладан, молиявий шароитларни
яратишга қаратилган қатор давлат чора-тадбирлари ва дастурлари туфайли ижобий
қўрсаткичларга эришилди.
Ўзбекистон аёлларнинг иқтисодий эркинлиги учун нима қилмоқда?
Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашда давлат
томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлашга фаол рағбатлантирилаётгани муҳим
омил бўлмоқда. Бугунги кунда хотин-қизлар ихтисослашган муассасалар ва давлат
дастурлари орқали молиявий кўмак ва маслаҳат олиш имкониятига эга.
Мисол тариқасида,
кам таъминланган аёллар учун тадбиркорлик ташаббусларини молиялаштиришдан
тортиб, ижтимоий ҳимоя чораларини кўришгача бўлган қатор чора-тадбирлар
молиялаштирилаётган Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли
жамғармасини келтириш ўринлидир.
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги
орқали хотин-қизларнинг малака ва билимини ошириш, ўқув тадбирларини ташкил
этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Касбий кўникмаларни ўргатиш, чет тилларини ўргатиш,
малакасини баҳолаш ва бандликка кўмаклашувчи “Ишга марҳамат” мономарказлари
фаолияти йўлга қўйилди.
Турли соҳаларда аёлларни қўллаб-қувватлашнинг кучли
механизми бўлиб хизмат қиладиган “Аёллар дафтарлари”ни жорий этиш эътиборга
молик. Хусусан, дафтарларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, имтиёзли шартларда
уй-жой билан таъминлаш, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали моддий
ёрдам кўрсатиш, тадбиркорлик ташаббусларини йўлга қўйишга кўмаклашиш масалалари
ёритилган.
Иқтисодий мустақилликни таъминлашда таълим муҳим аҳамиятга эга
Ҳукумат қизларга қисқа курслар ва малака ошириш имкониятини
беришдан ташқари, қизлар ва аёлларнинг олий маълумот олиш имкониятларини
кенгайтирди. Шундай қилиб, ҳар йили мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида қизлар
учун қўшимча квота ажратилади.
Шу билан бирга, камида 5 йиллик иш стажига эга бўлган
хотин-қизлар Оила ва хотин-қизлар ишлари бўйича давлат қўмитаси тавсиясига
биноан олий ўқув юртларига контракт асосида ўқишга киришлари мумкин. Тавсия
аёлларга кириш баллари етишмаслигида ёрдам беради.
Қизларнинг олий таълим олишида ҳокимликлар ҳам фаол иштирок
этмоқда. Шу тариқа, кам таъминланган оилалардаги талаба қизлар таълим
шартномаларини тўлаш учун маҳаллий бюджетдан бепул маблағ олади.
Хулоса
Юқорида қайд этилган давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган
чора-тадбирлар, албатта, аёлларни молиявий мустақилликка эришиш орқали
иқтисодий зўравонликдан ҳимоя қилишда кучли туртки бўлмоқда. Бу иқтисодиётда
аёлларнинг тенглиги ва адолатлилиги йўлидаги муҳим қадамдир.
Шубҳасиз, давлат иқтисодий зўравонлик муаммосидан хабардор
ва уни бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Бироқ бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни
давом эттириш муҳимдир.
Биринчи навбатда, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ўртасида ўз ҳуқуқлари ҳақида тушунтириш ишларини кучайтириш зарур. Бу режада нафақат оммавий ахборот воситалари, балки Оила ва хотин-қизлар ишлари бўйича давлат қўмитаси, маҳаллий ҳокимликлар, маҳалла қўмитасининг ҳам роли инобатга олиниши лозим. Қизлар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маҳаллий ҳокимият органларидан ташқари халқаро ташкилотлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаоллик каби глобал кампаниялар давлат идоралари ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларини бирлаштириш учун ажойиб вақтдир.
Нозимахон Саидалиева, Бизнес-омбудсман девони ходими