18-Mart, 2021-yil

Қўшма корхона ҳисобидан 40 млрд. сўмдан ортиқ мол-мулк солиғини ундириш тўғрисидаги қарор бекор қилинди

Ҳар қандай қабул қилинган қонун ҳужжатини амалиётга тўғри татбиқ қилиш давлат органлари ва ташкилотлари фаолият юритувчи кадрларнинг профессионал салоҳияти билан бирга бу борадаги ваколатли органнинг принципиал ҳаракатига боғлиқ.

Хусусан, Бизнес-омбудсман девонига Қашқадарё вилоятидаги фаолият юритувчи МЧЖ шаклидаги “Гиссарнефтегаз” қўшма корхонаси солиқ идораси ходимлари хатти-ҳаракатидан норози бўлиб мурожаат қилган.

Маълум бўлишича, қўшма корхона фаолиятида Қашқадарё вилоят давлат солиқ бошқармасининг 2019 йил 17 июндаги 534-хс-сон буйруғига асосан қўшма корхона фаолиятида экспресс-ўрганиш ўтказилган.

Ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра МЧЖ томонидан кўчар мулк сифатида балансда қайд қилинган қиймати 574 197 298 567,3 сўм бўлган
329 та асосий воситалар солиқ идораси томонидан кўчмас мулк сифатида баҳоланиб, улар учун жами
40 465 272 000 сўм мол-мулк солиғи ҳисобланган.

Давлат кадастрлари, геодезия ва картография миллий марказининг 2019 йил 15 октябрдаги хулосасида солиқ органлари томонидан кўчмас мулк сифатида баҳоланган 329 та ашёдан фақатгина 9 таси кўчмас мулк сифатида эътироф қилинган.

Ғузор туман иқтисодий суди томонидан юқоридаги хулоса инобатга олиниб, МЧЖ шаклидаги “Гиссарнефтегаз” қўшма корхонасидан
165 766 760 сўм мол-мулк солиғи ундирилган.

Лекин, Қашқадарё вилоят кассация инстанциясининг 2020 йил 18 июндаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, қўшма корхонадан 40 465 272 000 сўм мол-мулк солиғи ундирилган.

Бизнес-омбудсман девони томонидан мазкур ҳолат бўйича далиллар ва ҳужжатларга ўрганилиб, қўшма корхона манфаатида Олий судга Қашқадарё вилоят иқтисодий суди кассация инстанциясининг қарори юзасида шикоят киритилди.

Олий суднинг жорий йил 26 февралдаги қарори билан қўшма корхонага нисбатан чиқарилган Қашқадарё вилоят иқтисодий суди кассация инстанциясининг қарори бекор қилинди ва тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение