1-Dekabr, 2023-yil

Ҳокимликдан тадбиркор фойдасига 200 млн сўм қарздорлик ундирилди

 Фарғона вилоятида фаолият кўрсатувчи “Дилшод” МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари Бағдод тумани ҳокимлиги томонидан шартнома бўйича вужудга келган қарздорлик тўлаб берилмаётганидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Аниқланишича, тадбиркор билан ташкилот ўртасида 2022 йил 4 май куни ҳокимликка тегишли бинони таъмирлаш ишлари бўйича шартнома тузилган.

Тадбиркор томонидан тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида 200 млн сўмлик таъмирлаш ишлари якунланиб, бажарилган ишлар бўйича далолатномалар тузилган ва ҳокимликка топширилган.

Фуқаролик кодексининг 666-моддасига асосан, қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади.

Мазкур кодекснинг 673-моддасига кўра, буюртмачи пудратчининг бажарган иши учун сметада назарда тутилган миқдорда, қонун ёки қурилиш пудрати шартномасида белгиланган муддатда ва тартибда ҳақ тўлаши белгиланган.

Шунингдек, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, тарафлар ўртасида тузилган хўжалик шартномалари бўйича зиммаларига олинган мажбуриятларни ўз вақтида ва тегишли тартибда бажаришлари шарт эканлиги белгиланган.

Шунга қарамай, тадбиркорнинг бажарилган таъмирлаш ишлари учун пул маблағи тўлаб бериш бўйича ёзган мурожаатлари қаноатлантирилмаган.

Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорнинг мурожати ўрганилиб, қарздорликни ундириш мақсадида Риштон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди.

Мазкур суднинг жорий йил 13 сентябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, Бағдод тумани ҳокимлигидан тадбиркор фойдасига 200 млн сўм қарздорлик ундирилиши белгиланди. 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение