1-Dekabr, 2023-yil

Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

 

Бугун, 1 декабрь куни Тошкент шаҳрида Иқтисодий ислоҳотлар доирасида кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

 

Тадбирда Бизнес-омбудсман ўринбосари Жамшид Урунов, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзоси Акром Алимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки, “Бизнесни ривожлантириш банки”, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари эксперт-олимлари, тадбиркорлик ва фермерлик субъектлари вакиллари иштирок этди.

 

Давра суҳбатида мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнeсни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, кичик бизнeсни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш, аҳолини кичик ва ўрта бизнeсга кeнг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирларига доир устувор вазифалар муҳокама қилинди.

 

Кичик ва ўрта бизнес ҳар қандай давлатнинг иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади. Улар инновациялар двигатели бўлиб, иш ўринларини яратиш, вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Статистик маълумотларга юзланадиган бўлсак, 2023 январь-сентябрь ҳолатига биргина кичик бизнеснинг ЯИМдаги улуши 51.2% ни ташкил этмоқда.

 

Бироқ тадбиркорлар ўз салоҳиятларини тўла ишга солишлари учун уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш зарур. Муҳтарам юртбошимизнинг август ойида тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотларида ҳам тадбиркорларни энг кўп қийнаган масала айнан молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини янада кучайтириш бўлган эди (жами мурожаатларнинг 26 фоизи).

 

Шу мақсадда “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси” “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил қилиниши белгиланди.

 

Давра суҳбати давомида компания томонидан 2024 йил 1 мартдан бошлаб кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

 

Бундан ташқари, 2023 йил 10 ноябрдаги Президент қарорига кўра, микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш, аҳолининг кенг қатламлари тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда микромолиявий хизматлардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш мақсадида микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш дастури амалга оширилиши белгиланди.

 

Давра суҳбатида микромолиявий хизматлар фаолиятини ташкил қилиш орқали олдинга қўйилаётган мақсадли кўрсаткичлар ҳақида сўз юритилди.

 

Бугунги кунда Бизнес-омбудсман томонидан тегишли масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллаларга чиққан ҳолда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида давлат дастурларида кичик ва ўрта бизнес учун белгиланган молиявий имкониятлар тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

 

Давра суҳбатида кўтарилган долзарб масалалар юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва хулосалардан келиб чиққан ҳолда тадбир иштирокчилари томонидан амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение