1-Dekabr, 2023-yil

2023 йил 1 декабрдан нималар ўзгаради?

2023 йил 1 декабрдан кучга кирадиган қонунчилигимиздаги тадбиркорликка оид асосий ўзгаришлар нималардан иборат?

 

Давлат шериги сифатида хусусий шерик билан битим тузади

    Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ҳамда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этишда давлат шериги сифатида хусусий шерик билан битим тузади ҳамда битим шартлари хусусий шерик томонидан лозим даражада бажарилишини мониторинг қилади.

 

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари учун қулай имкониятлар

    2023 йил 1 декабрдан бошлаб махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш, иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш, улар билан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битим ва ижара шартномаларини тузиш бўйича давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали, Давлат хизматлари марказлари ёки махсус иқтисодий зоналар дирекцияларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш орқали амалга оширилади.

 

Эмитентнинг қимматли қоғозлар чиқарилишини тўхтатиб қўйиш ҳуқуқи берилади

        2023 йил 1 декабрдан бошлаб ваколатли давлат органига қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган ахборот ва ҳисоботлар бир йил ичида икки ва ундан ортиқ марта ўз вақтида ошкор этилмаганлиги учун эмитентнинг ижроия органини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш тўғрисида кўрсатма киритиш ва эмитентнинг қимматли қоғозлар чиқарилишини тўхтатиб қўйиш ҳуқуқи берилади.

 

«Ташқи реклама» рақамли мониторинг электрон тизими жорий этилади

        2023 йил 1 декабрдан бошлаб ташқи реклама бозори иштирокчилари учун тенг шароитлар яратиш ҳамда соҳада шаффофликни таъминлашга қаратилган «Ташқи реклама» рақамли мониторинг электрон тизими жорий этилади. Давлат мулки бўлган ер участкаларида, бино ҳамда иншоотларда ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) учун реклама жойининг паспорти ҳамда уларни ўрнатиш учун шартномалар оммавий оферта шаклида «E-auksion» электрон савдо платформасининг ягона электрон савдо майдончасида аукцион ғолибига автоматик тарзда берилади.

 

180 кун ичида тўлаб бериш тизими жорий этилади

        2023 йил 1 декабрдан бошлаб чорвачилик хўжаликлари ўз эҳтиёжи учун импорт қилган наслдор қорамолларга ҳисобланган қўшилган қиймат солиғини Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг кафолати асосида 180 кун ичида тўлаб бериш тизими жорий этилади.

 

«E-sertifikat» ахборот тизими ишга туширилади

        2023 йил 1 декабрдан бошлаб «GSP+» тизими имтиёзлари қўлланилишига доир маълумотлар олиш, синов лабораторияларини (шу жумладан, ветеринария, ўсимликлар карантини, санитария-эпидемиология соҳаларда) эркин танлаш, синов баённомаларини электрон расмийлаштириш имконини берадиган ҳамда божхона органлари «ягона дарча» тизимига интеграция қилинган «E-sertifikat» ахборот тизими ишга туширилади. «Штрихли кодлаш ва ахборот технологиялари маркази» давлат корхонасининг Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган товарлар штрихли кодларининг давлат реестрини юритиш монопол функцияси бекор қилинади.

 

Электромобилларни қувватлантириш станцияларини барпо этиш мажбурий ҳисобланади

        2023 йил 1 декабрдан бошлаб Нукус шаҳри, вилоятларнинг маъмурий марказлари ва вилоят бўйсунувида бўлган шаҳарлар ҳудудларидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, сиғими 100 автомобилдан ортиқ бўлган автотураргоҳлар ҳамда бозорлар ҳудудида «Ўзбекистон туризм магистрали» туризм транспорт коридори автомагистраль йўлларида жойлашган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, савдо ва кўнгилочар марказлари ҳудудида камида 2 каналли 60 кВт ва ундан юқори қувватли электромобилларни қувватлантириш станцияларини барпо этишнинг мажбурий тартиби ўрнатилади.

 

47 хил турдаги маълумотларни талаб қилиш бекор қилинади

     «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасида рақамли шаклда тақдим этилиши орқали 2023 йил 1 декабрдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиш бекор қилинадиган 47 турдаги маълумотлар рўйхати, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизматлардан фойдаланиш ҳолати бўйича юбориладиган эслатма ва хабарномалар рўйхати тасдиқланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение