17-Noyabr, 2023-yil

Тадбиркор ҳисобрақамига асоссиз қўйилган инкассо топшириқномалари ижросиз қайтарилиши таъминланди


Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида фаолият кўрсатувчи “Зайнаб” (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари МИБ идоралари томонидан асоссиз инкассо топшириқномаси қўйилганлигидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Аниқланишича, Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 10 апрелдаги ҳал қилув қарорига асосан, “Зафар” фермер хўжалигидан 49,9 млн сўм асосий қарз, 1,7 млн сўм пеня ва 30 минг сўм почта харажати (жами 51,7 млн сўм) ҳамда 1,2 млн сўм давлат божини ундириш белгиланган. Фақат 2023 йил 11 май куни берилган ижро варақада “Зафар” фермер хўжалигининг СТИР ўрнига хато туфайли “Зайнаб” МЧЖнинг СТИРи қўйилган.

Натижада электр энергиядан умуман қарздорлиги бўлмаган “Зайнаб” МЧЖнинг “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Самарқанд филиалидаги ҳисоб рақамига Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон тумани бўлими (МИБ) томонидан мажбурий ижро этиш чораси сифатида 51,7 млн сўм асосий қарздорлик ва 1,2 млн сўм давлат божини ундириш бўйича асоссиз равишда инкассо топшириқномалари қўйилган.

Ваҳоланки, ижро варақада СТИРдан ташқари қарздорнинг номи, юридик манзили ва банк маълумотлари каби реквизитлари кўрсатилган бўлса-да, давлат ижрочиси томонидан аниқлик киритилмаган ҳамда Қонуннинг 24-моддаси асосида ижро ҳужжатидаги камчилик бартараф этиш учун ундирувчига ёки ижро ҳужжатини берган судга қайтарилмаган.

Тадбиркорнинг давлат ижрочиси томонидан йўл қўйилган ушбу камчиликни бартараф этиш юзасидан қилган мурожаатлари МИБ томонидан эътиборсиз қолдирилиб, бугунги кунга қадар бартараф этилмаган ҳамда ҳуқуқлари чекланишига сабаб бўлган.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорнинг ҳуқуқларини тиклаш мақсадида Мажбурий ижро бюросига Вакил томонидан тақдимнома киритилиб, асоссиз қўйилган инкассо топшириқномаси ҳамда чекловлар бекор қилиниши таъминланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение