14-Noyabr, 2023-yil

Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш бўйича амалий семинардан ФОТОРЕПОРТАЖ

Бугун, 14 ноябрь куни Сирдарё вилоятида Бизнес-омбудсман Дилмурод Касимов ва Бизнесни ривожлантириш банки раҳбарияти, Сирдарё вилояти хокимлиги мутасаддилари раҳбарлигида ҳудудларда кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш бўйича амалий семинар бўлиб ўтди.

 

Мазкур учрашувда вилоят иқтисодиёт ва молия, солиқ, Савдо-саноат палатаси, омбудсман вилоятдаги вакили, давлат активларини ривожлантириш, рақобат, статистика, камбағалликни қисқартириш ва бандлик, маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш, Марказий банк, тижорат банклари раҳбари, туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ва инвестиция масалалари бўйича ўринбосарлари, ҳоким ёрдамчилари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.

 

Унда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари борасида сўз борди.

 

Хусусан, жорий йилнинг 10 ноябридаги Президент Фармони билан “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси” “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил этилиши белгиланди.

 

Компания томонидан 2024 йил 1 мартдан бошлаб кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига улуш киритиш, хизматлар ипотекаси, миллий ва хорижий валютада молиявий ресурслар жойлаштириш, кафиллик ва компенсация тақдим қилиш каби қўллаб-қувватлаш чоралари такдим этилади.

 

Компания томонидан компенсация «1+2» тамойили асосида аввал кредит (лизинг)нинг дастлабки йилига тақдим этилади, кейинги икки йил давомида тадбиркорлик субъекти томонидан яратиладиган янги иш ўринлари сони режаси бажарилиши ва реализация қилинган маҳсулот (хизмат) бўйича тушум камида 15 фоизга ошган тақдирда давом эттирилади.

 

Бундан ташқари, 2023 йил 10 ноябрдаги Президент қарорига кўра, микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш, аҳолининг кенг қатламлари тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда микромолиявий хизматлардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш мақсадида микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш дастури амалга оширилиши белгиланди.

 

Дастур доирасида 2024-2026 йилларда микромолиялаш бозори ҳажмини камида 5 баробарга ошириш режалаштирилган.

 

Қарор билан шунингдек, 2024 йил 1 январдан бошлаб микроқарзнинг энг юқори миқдори 50 млн сўмдан 100 млн сўмгача оширилмоқда.

 

Амалий семинар савол жавобларга бой бўлди, тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан атрофлича жавоб олишди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение