Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари давлат органлари,
шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан
кўриб чиқишда қонун нормаларига риоя этилиши мунтазам равишда ўрганиб
келинмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида фаолият кўрсатувчи МЧЖ
раҳбари ижара олган ер майдонига қурилган енгил конструкция қурилмалари бузиб
ташланиб, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик бўлаётганлигидан норози бўлиб,
Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус
олий спорт маҳорати мактаби балансидаги 100 кв.м ер майдони 36 ой муддатга
ижарага бериш учун электрон – онлайн аукционга қўйилган ва 13.06.2023 йилда
ўтказилган аукцион натижаси бўйича МЧЖ ғолиб деб топилган ва натижалари бўйича
давлат мулкини ижарага бериш тўғрисида ўша куни шартнома имзоланган.
Шунингдек, шу куни Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича
Нукус олий спорт маҳорати мактаби томонидан «Объект»ни топшириш ва қабул қилиш
Далолатномасига асосан мактаб балансидаги 100 метр квадрат ер майдони
автомобилларни ювиш фаолиятини ташкил қилиш учун Жамиятга топширилган.
Лекин ушбу ижарага олинган ер майдонига қурилган енгил
конструкцияли қурилмалар мактаб директори томонидан ҳеч қандай асоссиз ва
тадбиркорлик субъекти розилигисиз бузиб ташланганлиги аниқланди.
Ҳолат
юзасидан мансабдор шахсига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида
баённома расмийлаштирилди ва вакил девонининг 15.09.2023 йилги қарори билан
базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари, яъни 13 200 000 миқдорида маъмурий
жарима жазо чораси қўлланилди ҳамда унга бузиб ташланган енгил конструкцияли
қурилмаларни қайта қуриш юклатилди.