30-Oktabr, 2023-yil

2023 йил 1 ноябрдан нималар ўзгаради?

 2023 йил 1 ноябрдан кучга кирадиган қонунчилигимиздаги тадбиркорликка оид асосий ўзгаришлар нималардан иборат?

 

Божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади

2023 йил 1 ноябрдан 2026 йил 1 январга қадар туганаклар, пиёзбошлар, туганаксимон илдизлар, туганак пиёзлар, илдизпоя, жумладан вегетатив тиним ҳолатидаги, вегетация ёки гуллаш давридаги сертармоқлари, бошқа тирик ўсимликлар (жумладан, илдизлари), қаламчалар ва пархиши (ТИФ ТН коди 0601 ва 0602) импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади.

 

Экологик экспертиза хулосаси

2023 йил 1 ноябрдан бошлаб ижобий экологик экспертиза хулосасини олмаган объектларга нисбатан молиялаштириш, кредитлаш ва бошқа молия операцияларини тўхтатиб туриш механизми жорий этилади.

Шунингдек, ушбу санадан экологик ҳуқуқбузарлик содир этганларга нисбатан зарарни қоплаш билан бир қаторда, зарар етказилган табиат объектини тиклаш ва унинг муайян муддат давомида муҳофаза қилинишини таъминлаш мажбурияти юкланади.

 

Ёнғин назорати соҳасидаги янги талаблар

2023 йил 1 ноябрдан давлат ёнғин назорати органларининг ижобий хулосасини олмасдан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини аукционга чиқариш, қурилиш объектлари лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектлардан фойдаланиш учун рухсатнома бериш тақиқланади.

 

Маиший техника маҳсулотларини мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш

2023 йил 1 ноябрдан бошлаб Маҳсулотлар айланмаси бўйича барча ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотларни «Asl belgisi» МАТга киритиш лозим.

 

Электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш тартиби

2023 йил 1 ноябрдан уланган қувватидан қатъий назар, крипто-актив ва майнинг соҳасида фаолиятни амалга оширувчи истеъмолчилар (турли криптовалюталарда янги бирликлар ва комиссия йиғимлари форматида мукофот олиш имконини берадиган тақсимлаш платформасини таъминлаш ва янги блоклар яратиш бўйича фаолият) фойдаланган электр энергияси учун тўловларни тегишли тариф гуруҳига асосан белгиланган тарифга нисбатан 5 баробар ўсувчи коэффициентга мувофиқ тўлайди.

 

Умра зиёрати ташкилотчилари учун янги лицензия талаблари

2023 йил 1 ноябрдан туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг «Умра» хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича қуйидаги қўшимча лицензия талаблари ва шартлари жорий этилади:

100 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш ҳамда ушбу маблағларнинг етарли миқдорини таъминлаб бориш;

«Умра» хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлаш;

«Умра» хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши;

«Умра» хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатмаслик;

«Умра» хизматларини Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение