26-Oktabr, 2023-yil

Тадбиркорга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш устувор вазифа

Тадбиркорларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш Бизнес-омбудсманнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Девон вакиллари томонидан тадбиркорларга уларнинг муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти давомида юзага келадиган турли масалаларга ҳуқуқий ечим топишда кўмаклашишга интилади.

Яқинда девонга Наманган шаҳрида фаолият юритаётган тадбиркордан мурожаат келиб тушди. Олинган мулкка кадастр ҳужжатини тайёрлашда дуч келган қийинчиликлар ҳақида маълумот берди. Муаммо шундаки, тадбиркор аукцион орқали сотиб олган “Катта қалъа” (номи ўзгартирилган) МЧЖга тегишли бино ва иншоотларга солиқ органи томонидан тақиқ қўйилган экан.

Тадбиркор бу борада турли ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилганини таъкидлади. Мулкни қўлга киритганига уч ойга яқин вақт ўтганига қарамай, ўз номига кадастр ҳужжатини ололмади.

Тадбиркорнинг мурожаати синчиклаб ўрганиб чиқилгач, солиқ органи томонидан солиқ қарзи мавжудлиги сабабли олинган мулкни рўйхатдан ўтказиш тақиқлангани аниқланди. Бу эса тадбиркорнинг кўрсатилган мулкни ўз номига расмийлаштиришига тўсқинлик қилди.

Вазиятнинг мураккаблигини ҳисобга олиб, Бизнес-омбудсман девони ходимлари ушбу масалани ҳал қилишга киришди. Солиқ органига мурожаат қилиниб, тадбиркорнинг муаммосини ҳал қилиш бўйича музокаралар бошланди. Вакил девони ходимлари масаланинг ҳуқуқий томонларини атрофлича ўрганиб чиқди ва тадбиркор манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур ҳуқуқий далилларни тайёрлади.

Саъй-ҳаракатлар натижасида ижобий натижага эришилди. Солиқ органи келтирилган важларни тан олгач, тадбиркор томонидан сотиб олинган мулкни рўйхатдан ўтказишга қўйилган тақиқни бекор қилди. Энди тадбиркор ўз номига кадастр ҳужжатини расмийлаштириб, тадбиркорлик фаолиятини тўсиқларсиз давом эттириши мумкин.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение