Жиззах вилоятида фаолият юритувчи “Баҳор тонги” (номи
ўзгартирилган) масъулияти чекланган жамияти раҳбари аукцион орқали сотиб
олинган объектини давлат рўйхатидан ўтказилишига амалий ёрдам беришини сўраб
Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, ушбу жамият 2023 йил 25 майда расмийлаштирилган
“Электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисида”ги баённомага асосан Мирзачўл
тумани Тошкент ҚФЙда жойлашган чорвачилик комплексини 1,3 млрд сўмга сотиб
олган.
Бироқ мазкур объектга тақиқ қўйилганлиги сабабли жамият
номига давлат рўйхатидан ўтказилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳужжатлари ва
бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш
тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПҚ-3149-сонли қарори 52-бандида аукцион натижалари ҳақидаги баённома олди-сотди
шартномаси кучига эга бўлиб, мол-мулкни тақиқдан ечиш, уни аукцион ғолибига
топшириш, шунингдек, ғолиб номига мулкни, мулк ҳуқуқини ва бошқа мулкий
ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш (ҳисобга қўйиш) учун асос ҳисобланади.
Мурожаат юзасидан вакил девони ходимларининг қонуний
аралашуви билан 2023 йил 29 сентябрда объект давлат рўйхатидан ўтказилиши ва
кадастр паспорти шакллантирилиши таъминланди.