Фарғона вилоятида фаолият кўрсатувчи «Development» (номи ўзгартирилган) хорижий корхонаси раҳбари
вилоят солиқ бошқармаси хатти-ҳаракатидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга
мурожаат қилди.
Аниқланишича, 2021 йил декабрда вилоят солиқ инспекцияси жарима
санкциялари учун жамият ҳисоб рақамидан пул маблағларини ечиб олган.
Тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг «Электрон
солиқ хизматлари» портали орқали 2022 йил 9 июнь ва 2023 йил 19 апрель кунлари солиқ
бошқармасига икки марта мурожаат қилган.
Фарғона вилояти Давлат солиқ бошқармаси мутахассислари
томонидан мазкур мурожаатларда қайд этилган ҳолатлар ўрганилганда солиқ
органларини ривожлантириш жамғармасидан ортиқча тўловни жамият ҳисоб рақамига
қайтариш мақсадга мувофиқ деб баҳоланган.
Бироқ тадбиркорнинг шунча уринишларига қарамай, пул маблағи
қайтарилмаган.
Бизнес-омбудсман аралашуви билан икки йилдан бери пул
маблағини қайтариб ололмаётган тадбиркорга амалий ёрдам берилди.
«Муаммоларни адолатли
ҳал қилиб, биз каби оддий тадбиркорларга кўрсатаётган ёрдамингиз учун сизга миннатдорчилик
билдирамиз. Тадбиркорларнинг манфаатига хизмат қилувчи бундай кўмакни ташкил
этган давлатимизга катта раҳмат!» – деб ёзади тадбиркор.