4-Oktabr, 2023-yil

Қашқадарёда туман солиқ инспекцияси раҳбари жавобгарликка тортилди

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик ва айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади.

Шу сабабли, судьялар одил судловни амалга оширишда юқоридаги принципларга асосланиши қонун устувор давлат қуришимизда муҳим аҳамият касб этади.

Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатувчи “Эзгу ният” (номи ўзгартирилган) МЧЖга қарашли умумий овқатланиш шаҳобчасида Ғузор тумани ДСИ бошлиғи С.Б.нинг 21.02.2023 йилдаги буйруғига асосан ноқонуний текширув ўтказилган.

Шундан сўнг, тадбиркор солиқ органи ходимларига қонуний чора кўришни сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.

Натижада тадбиркорлик субъектида ноқонуний текшириш ташаббуси билан чиққан Ғузор тумани ДСИ бошлиғи маъмурий жавобгарликка тортилган.

Гарчи иш ҳужжатларида Ғузор тумани ДСИ бошлиғининг айбдор эканлигини тасдиқловчи рад этиб бўлмайдиган далиллар мавжуд бўлса-да, Жиноят ишлари бўйича Ғузор тумани судининг 2023 йил 3 августдаги қарори билан Бизнес-омбудсманнинг С.Б.га нисбатан жарима қўллаш тўғрисидаги қарори асоссиз бекор қилинди.

Мазкур суд қарори юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан Қашқадарё вилояти судига апелляция шикояти киритилди.

Қашқадарё вилояти судининг 22.09.2023 йилдаги қарори билан биринчи инстанция судининг қарори тўлиқ бекор қилиниб, Ғузор тумани ДСИ бошлиғи С.Б. жавобгарликка тортилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение