Андижон вилоятида фаолият юритувчи
«Зафар» (номи ўзгартирилган) масъулияти чекланган жамияти раҳбари Балиқчи туман
Мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан қарздорликни ундириш бўйича Бизнес-омбудсманга
мурожаат қилди.
Аниқланишича, тадбиркор билан ташкилот
ўртасида 2022 йил 23 ноябрда Балиқчи туманидаги умумтаълим мактабида жорий
таъмирлаш ишлари бўйича пудрат шартномаси тузилган.
Унга асосан, шартномада
кўрсатилган сумманинг 30 фоизини ғазначилик бўлимидан рўйҳатдан ўтганидан сўнг
тўлаб бериш, қолган 70 фоизини ишлар бажарилиб, топширилганидан сўнг тўлаб
беришга келишилган.
Шартномалар бўйича тадбиркор
томонидан ишлар тўлиқ бажарилган, бажарилган ишлар таълим бўлими томонидан
қабул қилиб олинган, лекин тўловлар амалга оширилмаган. Шу сабабли тадбиркор
томонидан ташкилотга талабнома юборилган, лекин тегишли маблағлар тадбиркорнинг
ҳисоб рақамига ўтказиб берилмаган.
Шундан сўнг Бизнес-омбудсман тадбиркорнинг
манфаатини кўзлаб судга даъво аризаси билан мурожаат қилди.
Избоскан туманлараро иқтисодий
суди Балиқчи туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳисобидан тадбиркор
фойдасига 230 млн сўмни ундириш тўғрисида қарор қабул қилди.