27-Sentabr, 2023-yil

2023 йил 1 октябрдан нималар ўзгаради?

2023 йил 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчилигимиздаги тадбиркорликка оид асосий ўзгаришлар нималардан иборат?

 

Давлат сув ҳавзалари ижарага берилади

Тадбиркорларга “E-auksion” электрон савдо платформасида электрон онлайн аукцион орқали қуйидагилар ижарага берилади:

давлатга тегишли табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари);

табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) ҳамда дарё атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари.

 

Электр ва газ тарифлари ўзгармоқда

Ёқилғи-энергетика ресурсларига янги тарифлар жорий этилмоқда. Шу билан бирга, иссиқлик таъминоти хизматларининг аҳоли учун белгиланадиган нархлари жорий куз-қиш мавсумида оширилмайди.

 

Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури ишга туширилади

Тадбиркорлар «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастурида иштирок этишлари мумкин. Бизнесни ривожлантириш банки Дастурни самарали амалга ошириш ва уни доимий равишда такомиллаштириб бориш бўйича асосий таянч банк этиб белгиланди.

2023–2026 йилларда Дастурни амалга ошириш учун қуйидагилар йўналтирилади:

6 триллион сўм давлат маблағлари;

1,2 миллиард АҚШ доллари халқаро молия институтларининг маблағлари.

 

«Умра» зиёратчиларига хизмат кўрсатувчи туроператорлар баҳоланади

«Умра» хизматларини кўрсатувчи туроператорлар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилади.

 

IT соҳани қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари

Тадбиркорлик субъектларига электрон тижорат фаолияти доирасида эркин омбор божхона режимига жойлаштирилган товарлар билан чакана савдо операцияларини амалга оширишга рухсат берилади.

B2 ва ундан юқори хорижий тил билиш даражасига эга бўлган фуқаролар томонидан тизим бошқаруви, маълумотлар базаси ва «булутли» платформани бошқариш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларда халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларининг 100 фоиз қисмини қоплаш тизими жорий этилади.

 

Иш берувчилар 3 баравари миқдорида бир марталик субсидия олишлари мумкин

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав (фонди) капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир шахс учун 3 ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан сўнг базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.

 

Рақобатни ривожлантириш соҳасида янги қоидалар

Эксклюзив ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектларнинг реестри (рўйхати) жорий этилади ва ушбу реестрни юритиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан камситмаслик шартларига риоя этилиши устидан назорат Рақобат қўмитасига юклатилади.

Рақобат қўмитаси битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятига (устун музокара кучига) эга бўлган субъектларни аниқлайди ва улар томонидан устун музокара кучини суиистеъмол қилишни тақиқлайди.

 

10 миллион сўмдан ортиқ молиявий санкциялар – суд орқали

Тадбиркорлик субъектларига миқдори 10 миллион сўмдан юқори бўлган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун, агар тадбиркорлик субъекти ҳуқуқбузарликни инкор этса, молиявий санкцияларни фақатгина суд тартибида қўллаш амалиёти йўлга қўйилади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение