27-Sentabr, 2023-yil

Ёш тадбиркорларни давлат томонидан молиявий рағбатлантириш механизмлари

  “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари” ғайратли ва ташаббускор ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.

Бу зоналарда ер майдонлари ва бино-иншоотларни электрон онлайн-аукцион орқали ижарага олиш мумкин бўлиб, ижарага беришда бошланғич нархи бўйича тўловларни 12 ой муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти мавжуд.

Ушбу зоналарда ёш тадбиркорларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тўқимачилик, фармацевтика, электротехника саноати, ҳунармандчилик ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа йўналишларда фаолият олиб боришлари мумкин.

Ёш тадбиркорлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган.

Жамғарма томонидан молиялаштириладиган 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан кўп бўлмаган миқдорда 7 йил муддатли, фоиз ставкаси – 14% (миллий валютадаги кредитлар учун) ва 3% (валюта кредитлари учун) кредитлар бериб келинмоқда.

Захирага қайтарилган ер майдонларини деҳқон хўжалиги ташкил этган ҳолда сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш каби лойиҳаларни амалга ошириш учун фуқароларга, хусусан, ёшларга 0,10 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамларда очиқ электрон танлов орқали 10 йилга ижарага бериш тартиби тасдиқланган.

 2020 йил 15 ноябрдан бошлаб ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби ўрнатилган:

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган дастурлар ва белгиланган талаблар асосида ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи (ёшлар, хотин-қизлар) учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотлари, касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлар (кейинги ўринларда — профессионал таълим муассасалари), Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда унинг ҳудудий филиалларига сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори давлат томонидан компенсация қилинади.

Касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотлари, профессионал таълим муассасалари, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда унинг ҳудудий филиаллари курсларини муваффақиятли тамомлаб, уларнинг сертификатини (кейинги ўринларда — махсус сертификат) олган шахсларга ўз бизнесини ташкил этиш учун мазкур қарорнинг 5-бандига мувофиқ микрокредит ажратилади.

«Микрокредитбанк» АТБ ва АТ Халқ банки томонидан нодавлат таълим ташкилотлари, профессионал таълим муассасалари, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда унинг ҳудудий филиаллари махсус сертификатини олган тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этиш учун ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига 33 миллион сўмгача бўлган миқдордаги микрокредитлар таъминотсиз ажратилади.

Бундан ташқари, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда «Ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан субсидия ажратилади.

«Ёшлар дафтари»га киритилган деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланаётган ёшларга «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар» ҳамда «Аёллар дафтари» жамғармалари ҳисобидан уруғликлар ва кўчатларни харид қилиш учун БҲМнинг 8 баравари миқдоригача субсидия ажратилади.

Ҳурматли тадбиркорлар, унутманг! Агар фаолиятингизни бошлашда давлат оргарлари билан муносабатларда қийинчиликларга, муаммоларга дуч келсангиз, Бизнес-омбудсман сизга доимо ёрдам беришга тайёр!

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение