20-Sentabr, 2023-yil

Қонун ҳужжатлари талабини бузган ҳолда қабул қилинган сайёр солиқ текшируви қарори бекор қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонида Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида фаолият кўрсатувчи ЯТТ Болтаев Жавоҳир Олимовичнинг (номи ўзгартирилган) мурожаати ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, Термиз шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг буйруғига кўра Термиз шаҳрида жойлашган савдо шохобчасида сайёр солиқ текшируви ўтказиш белгиланган.

Ўтказилган сайёр солиқ текширувида, жамият сотувчиси харидорга “Орбит сақичи” маҳсулотини онлайн назорат касса машинасидан фойдаланмасдан, чек бермасдан нақд пулга сотганлиги аниқланган.

Ўтказилган сайёр солиқ текшируви натижасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан далолатнома тузилган ҳамда баённома расмийлаштирилган. Ва шунга асосан тадбиркорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 221-моддаси 1-қисмига асосан 10.009.200 сўм миқдорида молиявий жарима қўлланилган.

Бу текширув жараёнида бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Биринчидан, ЯТТнинг савдо шохобчасида сайёр солиқ текшируви ўтказиш тўғрисидаги буйруқ белгиланган тартибда юридик хизмат кўрсатиш маркази билан келишилмаган ҳолда қабул қилинган.

Иккинчидан, ўтказилган сайёр солиқ текширувида харидорга чек берилмаганлиги ҳолатидан ташқари жамиятнинг бошқа фаолияти, жумладан сотилаётган товарлар нархини ҳамда кўрсатилаётган ҳақини нақд пул маблағлари ёки банк карталар бўйича тўлаш шаклига қараб уларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш масалалари талабларига риоя қилиши юзасидан текширув ўтказилган.

Учинчидан, текшириш материалларини кўриб чиқиш ҳақида корхона вакили чақирилмаган. Унинг иштирокида текширув ҳужжатлари муҳокама қилинмаган. Шунингдек, текширув куни савдо шаҳобчасида асосан ЯТТ раҳбарининг отаси савдо қилиб турган бўлган, бироқ солиқ органи ҳужжатларни расмийлаштиришда ЯТТнинг рахбари иштирокида амалга оширилганлиги қайд этилган.

Қайд этилганларга кўра, ЯТТда ўтказилган сайёр солиқ текшируви процессуал ва моддий қонун нормаларига риоя қилинмасдан ўтказилган, Президент қарори, ВМнинг қарори ва Солиқ кодекси нормалари бузилган ҳолда қарор қабул қилинган деб топилди ва ноқонуний қарор бекор қилинди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение