15-Sentabr, 2023-yil

Тадбиркорга етказилган зарар ва бой берилган фойда тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим

Тегишли фармойишларга асосан “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” АЖ “Самарқанд магистрал электр тармоқлари” филиали томонидан Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи бир қатор фермер хўжаликларига тегишли қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер майдонлари орқали электр тармоқларини қуриш ишлари олиб борилган.

         Ушбу жараёнда Пастдарғом туманида фаолият юритувчи “Яшил дала” ҳамда Самарқанд туманида фаолият юритувчи “Серҳосил дала” фермер хўжаликларига (фермер хўжаликлари номи ўзгартирилган) тегишли қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг пайҳон қилиниши натижасида уларга иқтисодий зарар етказилган.

Олиб борилган ҳисоб китобларга асосан филиал томонидан юқоридаги фермер хўжаликларига етказилган зарарни тўлаб бериш бўйича кафолат хатлари тақдим қилинган бўлсада, етказилган зарар суммаси тўланмасдан келинган.

Ваҳоланки, Фуқаролик кодексининг 985-моддасига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан
бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Шунга кўра, Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан томонидан фермер хўжаликлари раҳбарларининг етказилган зарарни ундириб бериш ҳақидаги мурожаатларини ўрганиб чиқиш натижаларига кўра “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” АЖга хулоса киритилди ва мазкур таъсир чорасига асосан фермер хўжаликларига 284,6 млн сўм миқдорда зарар ундириб берилиши таъминланди.

 

 

 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение