11-Sentabr, 2023-yil

Тадбиркор манфаати судда тўлиқ ҳимоя қилинди

“Тонг садоси” фермер хўжалигига (номи ўзгартирилган) Бахмал туман ҳокимлигининг 2005 йил 12 февралдаги 128-сонли қарори билан жами 43 гектар ер майдони ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги ташкил этиш учун 30 йил муддатга ажратилган.

Туман ҳокимлиги томонидан 2019 йил 18 февралда ушбу ер майдонни заҳирага қайтариш ҳақида 1306-сонли қарор қабул қилинган.

Фермер хўжалиги раҳбарининг ушбу масалада тумандаги мутасадди идораларга йўллаган мурожаатлари оқибатсиз қолдирилган.

Шундан сўнг фермер хўжалиги раҳбари томонидан туман ҳокимлигининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида Жиззах туманлараро маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиниб, Бизнес-омбудсмандан судда ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш сўралган.

Шу асосда Бизнес-омбудсман девонининг Жиззах вилоят шўъбаси ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектидан ер майдонини олиб қўйиш асослари ўрганилганда, ерни заҳирага топшириш билан боғлиқ ариза фермер хўжалиги раҳбари томондан ёзилмаганлиги аниқланган.

Вакил девони ходимлари судда фермер хўжалиги манфаатида иштирок этиб, ариза ким томонидан ёзилганлигига аниқлик киритиш учун суд-хатшунослик экспертизасини тайинлаш лозимлигини таъкидлашди.

Ўтказилган суд-хатшунослик экспертизасининг 2023 йил 24 июнь кунги хулосасига кўра, ариза фермер хўжалиги раҳбари Ж.Қ.томонидан ёзилмаганлиги аниқланиб, Бахмал туман ҳокимлигининг 43 гектар ер майдонни заҳирага қайтариш ҳақидаги 1306-сонли қарори судда 2023 йил 24 июлда ҳақиқий эмас деб топилган.

Тадбиркор манфаати судда тўлиқ ҳимоя қилинган ва тикланишига эришилган.

Шавкат Мирзиёв

Ўзбекистон Республикаси Президенти

“Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳаракати орқага қайтариб бўлмайдиган катта кучга айланди. Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи”

Text to speech
Звуковое сопровождение