7-Sentabr, 2023-yil

Хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланишининг асосий омилидир

 Мамлакатимизда охирги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасигача кўтарилди.

Давлат ва бизнес ўртасида самарали мулоқотни ўрнатиш учун бир қатор институционал ва тузилмавий ислоҳотлар амалга оширилди.

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги механизмлари жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрирда қабул қилиниши тадбиркорлик субектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилаётганини яна бир бор тасдиқлади.

Бизнес-омбудсман институти ҳам тадбиркорларнинг хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилинишида бир қатор ишларни амалга оширмоқда.

Мазкур йўналишда Бизнес-омбудсман девонига 2022 йилда 431 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 72 таси қаноатлантирилган, 319 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари буйича давлат ташкилотларига 9 та таъсир чоралари қўлланилиб, судларга 22 та даъво аризаси киритилган ва натижада 12,9 млрд сўм маблағ ундирилиши ва 7 гектардан ортиқ ер майдони қайтарилиши белгиланди.

2023 йилнинг 6 ойида 64 та мурожаат келиб тушган, шундан 9 таси қаноатлантирилган 44 таси тушунтириш берилган.

Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари буйича давлат ташкилотларига жами 3 та таъсир чора қўлланилган, судларга 7 та даъво аризаси киритилиб, 6,5 млрд сўм маблағ ундирилиши белгиланди.

Мисол учун, Фарғона шаҳридаги "Муҳаммад-Али" ФХ фойдасига Фарғона шаҳар ҳокимлигидан 3,6 млрд сўм компенсация тўловини ундириш ҳақида судга даъво аризаси киритилган.

Фарғона туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган.

Лекин, Бизнес-омбудсман томонидан киритилган кассация шикояти Олий суд томонидан кўриб чиқилди ва фермер хўжалиги фойдасига 3,6 млрд сўм компенсация тўлови ундирилиши белгиланди.

Шу билан бирга, Вакил девони томонидан хусусий мулкни ҳимоя қилиш соҳасида бир неча қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишида иштирок этилган.

Жумладан, жорий йилнинг бошидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Эндиликда, тадбиркорларниннг банк ҳисобварағаларидаги пул маблағларининг ҳимоя қилиниши янада кафолатланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги
ПФ-67-сон Фармони билан тасдиқланган “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича” чора-тадбирлар Дастурининг 30-бандида белгиланган вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида, 
Адлия вазирлиги билан биргаликда “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Янги таҳрирда ишлаб чиқилди.

Мазкур қонун билан,

хусусий мулк ҳуқуқи билан боғлиқ маъмурий ҳужжатлар фақат суд тартибида бекор қилиниши ёки ҳақиқий эмас деб топилиши Қонун даражасида белгиланмоқда.

Шунингдек, мулк ҳуқуқини бекор қилиш бўйича тартиб-таомиллар қонуности ҳужжатлар билан белгиланиши тақиқланмоқда.

Хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича фуқаролик ва иқтисодий судларга мурожаат этишда давлат божини тўлашдан озод этиш тартиби белгиланмоқда.

Хусусий мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилишнинг кафолатлари кучайтирилмоқда:

Жумладан, хусусий мулк ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишларини бартараф этиш, хусусий мулкка етказилган зарарни ундириш ҳақидаги талабларига нисбатан даъво муддати қўлланилмаслиги;

– шикоятнинг судга мурожаат қилиш муддати ўтиб берилганлиги сабабли қаноатланиши рад этилиши давлат органларининг қонунга хилоф қарорлари оқибатда етказилган зарарни ундиришга оид талабни суд тартибида кўриб чиқиб ҳал этишни истисно этмаслиги белгиланмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, хусусий мулк дахлсизлиги қанчалик таъминланса бу ўз навбатида тадбиркорларнинг сони ортишида, уларнинг фаолиятини кенгайишига хамда давлат сиёсатига ва эртанги кунга бўлган ишончининг янада ортишига ҳизмат қилади.

 Гулимова Наргиза, Бизнес-омбудсман девони масъул ходими

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение