5-Sentabr, 2023-yil

Тадбиркорлар давлатга тегишли сув ҳавзаларини “E-auksion” орқали ижарага олади

Ҳукумат қарори (441-сон, 02.09.2023 й.) билан Давлатга тегишли сув ҳавзаларини тадбиркорлик субъектларига “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

2023 йил 1 октябрдан давлатга тегишли сув ҳавзалари фойдаланиш шарти билан қуйидаги фаолият турларини ташкил этиш учун электрон савдо платформасида онлайн-аукцион орқали ижарага берилади:

– давлатга тегишли табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) – балиқни саноат усулида етиштириш ва овлаш учун;

– табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) ҳамда дарё атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари – сув бўйида пляж зоналарини ташкил этиш, спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш, балиқ ови, қайиқда сузиш ва сув саёҳати бўйича хизматлар кўрсатиш, балиқ маҳсулотлари, шу жумладан, балиқ таомлари савдоси, умумий овқатланиш ва бошқа туризм хизматларини ташкил этиш ҳамда ушбу мақсадларда енгил конструкцияли қурилмаларни (ўтов лагерлари мажмуаси, контейнерларни) жойлаштириш учун.

Бунда табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) ҳамда дарё атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Сув ҳавзаси (ер участкаси) камида 10 йил муддатга, қўшимча яна 10 йил муддатга узайтириш ҳуқуқи билан очиқ электрон онлайн-аукцион савдоси орқали шартнома асосида ижарага берилади.

Сув ҳавзасини ижарага бериш юзасидан тадбиркорлар томонидан ижарага берувчига тегишли таклифлар бериш йўли билан ташаббус кўрсатилиши мумкин.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение