4-Sentabr, 2023-yil

Суд орқали тадбиркор фойдасига 1,4 млрд сўм ундириб берилди

Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан кўриб чиқишда қонун нормаларига риоя этилиши мунтазам равишда ўрганиб келинмоқда.

«Илёс» (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари Нукус шаҳар ободанлаштириш бошқармаси билан тузилган шатномаларга асосан бажарилган ишлар учун тўловлар амалга оширилмаётганлигидан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Аниқланишича, 2022 йил 12 майда МЧЖ билан Бошқарма ўртасида Нукус кўчаларида иллюминацион қурилмаларни ўрнатиш бўйича жами 1,7 млрд сўмлик пудрат шартнома имзоланган.

Жамият томонидан жами 1,4 млрд сўмлик ишлар бажарилган бўлиб, мазкур ҳолат тарафлар ўртасидаги 2023 йил 23 майда тузилган солиштириш далолатномаси билан тасдиқланган.

Тарафлар ўртасида тузилган шартномага асосан субпудратчи шартнома бўйича объектда ишларни бажариш, пудратчи субпудратчи ишларни бажариши учун шароитлар яратиш, уларни қабул қилиш, олдиндан 30 фоиз ва бажарилган ишлар бўйича тўловларни амалга ошириш мажбуриятини олган.

Лекин МЧЖ томонидан Бошқармага жорий йилнинг 17 майдаги хати билан (талабнома) бажарилган ишлар бўйича тўловларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилинган. Лекин Бошқарма томонидан ушбу кунга қадар тўлаб бериш юзасидан тегишли чоралар амалга оширилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 236-моддасида мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши кераклиги белгиланган.

Мазкур шартномага асосан пайдо бўладиган масалаларни томонлар ўзаро ҳал қила олмаса, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилиши белгиланган.

Мазкур ҳолатлар бўйича Бизнес-омбудсман томонидан иқтисодий судга ариза киритилди. Девон ходимлари судда иштирок этиб, суднинг ҳал қилув қарорига асосан МЧЖ фойдасига 1,4 млрд сўм тўлов ундирилиши белгиланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение