Қашқадарё вилояти Нишон туманида фаолият олиб борувчи “Jamshid” (номи ўзгартирилган) хусусий корхонаси Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонига мурожаат қилди.
Мурожаатда давлат кадастрлар палатаси мансабдор шахслари томонидан корхонанинг тасарруфида бўлган “гараж” биноси ихтисослигини ўзгартириб бермаганлиги сабабли солиқ органи томонидан кўп миқдорда солиқ ҳисобланаётганлиги билдирилган.
Давлат кадастрлар палатаси Нишон туман филиали томонидан 2022 йил 23 июндаги рухсатнома билан “Jamshid” хусусий корхонасига тегишли бўлган Нишон туманида жойлашган гараж биносининг ихтисослиги “Чорва комплекси, иссиқхона савдо ва маиший хизмат кўрсатиш”га ўзгартирилган бўлса-да, тадбиркор томонидан вакил девонига мурожаат қилгунига қадар “Кўчмас мулк-3” электрон тизимда ўзгартирилмасдан қолган.
Шу сабабли солиқ органи томонидан корхонага 73 млн сўм миқдорда ортиқча солиқ ҳисобланган.
Вакил девони ходимларининг қонуний талаблари асосида 2023 йил 7 августда Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан рухсатномага асосан корхонага тегишли бўлган гараж биносининг ихтисослиги “Кўчмас мулк-3” электрон тизимида “Чорва комплекси, иссиқхона, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш” биносига ўзгартириб берилди ҳамда солиқ органи томонидан ортиқча ҳисобланган солиқ қарздорлиги бекор қилинди.