28-Avgust, 2023-yil

1 сентябрдан нималар ўзгаради?

1 сентябрдан нималар ўзгаради?

 

2023 йил 1 сентябрдан кучга кирадиган қонунчилигимиздаги тадбиркорликка оид асосий ўзгаришлар нималардан иборат?


 Пахта саноатида АКТ жорий этилади

Ҳудудлар ва кластерлар кесимида пахта хомашёсини йиғиб олиш билан боғлиқ маълумотлар шакллантириладиган ахборот тизими ишга туширилади, 2023 йил 15 сентябрдан бошлаб эса у “Агроплатформа” ахборот тизимига интеграция қилинади.

 

Давлат иштирокидаги корхоналар депозит учун банкларни аукцион орқали танлашади

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг бўш пул маблағларини депозитга жойлаштириш бўйича тижорат банклари ўртасида фоиз ошиб бориш тарзида банк капитали етарлилиги, банк капиталининг унинг мажбуриятларига нисбати, ликвидлилик коэффициенти каби шартларни назарда тутган ҳолда аукцион савдолари ўтказилади.

 

Туристик соҳада талаблар соддалаштирилмоқда

Қуйидаги талаблар бекор қилинади:

турагентларнинг электрон тўловлар, бронь қилиш хизматларини кўрсатадиган камида иккита хорижий тилдаги веб-сайтга эга бўлиши;

туроператорларнинг электрон тўловлар хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлиши.

 

Ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни ўрганиш бошланади

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциялари ҳокимликлар билан биргаликда:

Республиканинг сейсмик фаол зонасида жойлашган сейсмик хавфсизлиги III-IV тоифага кирувчи кўп квартирали уйлардаги умумий фойдаланиладиган жойларда (зинапоя йўлаклари, чордоқ ва умумий фойдаланишдаги ошхоналарда) ўзбошимчалик билан қурилган конструкцияларни;

кўп квартирали уйларнинг, шу жумладан уларнинг ертўла ва биринчи қаватидаги зилзилабардошликка таъсир қилувчи конструкцияларга ўзбошимчалик билан киритилган ўзгартиришларни аниқлаб боради.

 

Тамаки ва пиво савдоси соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари соддалаштирилмоқда

 Тамаки маҳсулотининг улгуржи ва чакана савдоси, пиво маҳсулотининг улгуржи савдосини хабардор қилиш тартибида амалга оширишга рухсат берилди

 

Инвестиция мажбуриятлари бўйича талаблар соддалаштирилмоқда

Кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари хусусийлаштирилганлиги тўғрисидаги давлат намунасидаги ордер ва сертификат Давлат хизматлари марказлари ва (ёки) ЯИДХП орқали QR-код қўйилган ҳолда берилади.

Онлайн аукцион савдоларида давлат мулки объектларини сотиб олган харидорлар билан шартномалар савдо натижаси бўйича баённома асосида “E-auksion” электрон савдо платформасида электрон шаклда (шу жумладан, ЭРИси орқали) расмийлаштирилади;

Ҳар чоракда тегишли вазирлик ва идоралар ходимларининг жойига чиққан ҳолда инвестиция мажбуриятларининг бажарилишини оралиқ мониторинг қилиш тартиби бекор қилинади.

 

Қишлоқ хўжалиги илм билан боғланади

Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик, илм-фан ютуқлари, инновацион технологияларни жорий қилиш, инсон ресурсларини ривожлантириш масалалари янги ташкил этиладиган агрокластерлар, кооперативлар ва соҳадаги бошқа йирик корхоналар фаолиятини ташкил этишда лицензия ва рухсат этиш тартиб-таомиллари шартларидан бири этиб белгиланади.

 

Хусусий сектордагилар қишлоқ хўжалиги техникаларини техник кўрикдан ўтказишлари мумкин

Хўжалик юритиш субъектлари – юридик шахсларга жисмоний шахсларнинг 100 от кучигача қувватга эга бўлган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини техник кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение