Юртимизнинг иқтисодий юксалишини барқарорлаштириш, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш бугуннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
Давлатимиз томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш билан бир қаторда хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган олти ойида тармоқларда 3,6 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилган. Айрим туманларга 50 миллион доллардан кўп тўғридан-тўғри инвестиция келган. Бунинг натижасида ушбу туманларда жами 50 мингта янги иш ўрни, қўшимча 1 триллион сўм тушум пайдо бўлган.
Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир тармоқ ва ҳудудга инвестицияларни жалб этишга ҳамда лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантираётган, савдо-иқтисодий ва турли соҳалардаги алоқаларни кенгайтиришга ҳисса қўшаётган, юртимиз иқтисодиётига инвестицияларни жалб этаётган, самарали инновацион лойиҳаларни амалга ошираётган кишилар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги арафасида Давлатимиз раҳбари бир гуруҳ чет эл инвесторларини, хусусан, «Лукойл», «ACWA Power», «Masdar», «Aksa Energy», «Cengiz Holding», «OTP Bank», «Air Products», «Total Eren» раҳбарларини «Дўстлик» ордени билан мукофотлади.
Бугунги кунда хорижий инвесторлар ва тадбиркорларнинг юртимизда фаолият олиб боришлари учун кенг имкониятлар яратилган бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси қонун билан кафолатланган.
Хусусан, 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонига жами 4 414 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 26 таси хорижий корхоналар томонидан йўлланган.
Мисол учун: «VITAMED MEDICAL» МЧЖ шаклидаги хорижий корхона Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг даъво аризаси бўйича қабул қилинган ҳал қилув қароридан норози бўлиб ёзган мурожаати бўйича Вакил томонидан киритилган шикоятга асосан суд қарори бекор қилинди. Натижада корхонага қўлланилган 2,4 млн АҚШ доллари жарима ва 7 млрд сўм зарарни ундириш бекор бўлди.
Умуман олганда, хорижий инвестициялар иштирокида ташкил этилган корхоналар ўз ҳақ-ҳуқуқларининг ҳимояланишига хизмат қилувчи механизмдан оқилона ва ўринли фойдаланишмоқда. Бу эса, ўз навбатида, чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун мамалакатимизда қулай шарт-шароитлар яратилганидан, давлатимиз томонидан бу соҳага жиддий эътибор берилаётганидан далолатдир.
Гулжамол Шукурова, Бизнес-омбудсманнинг Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси, Матбуот котиби