25-Avgust, 2023-yil

Ўзбекистонда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар


Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётимизнинг муҳим драйверларидан бирига айланиб улгурган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугун тадбиркорликни бошламоқчи бўлган юртдошларимиз учун ҳамма имкониятлар етарли.

Ташкилотни очишдан бошлаб, молиялаштириш манбалари, молиявий рағбатлантириш, рухсат берувчи ҳужжатлардан тортиб, маҳсулот бозорини топгунча барча жараёнларда давлат кўмакчи сифатида фаол иштирок этмоқда.

Эндиликда азалий қадриятларга таянилган, ўзаро ишончли ҳамкорлик ва оилавий аҳилликни таъминлашга асосланган оилавий тадбиркорлик ҳам кенг ривожланмоқда.

Бунинг натижасида мамлакатимизда оилавий корхоналар сони 67 мингдан ошди.

Оилавий тадбиркорлик ва уни тартибга солиш механизмлари “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун қабул билан тартибга солинган.

Мазкур қонуний ҳужжатнинг 2-моддасига мувофиқ, оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолиятидир.

Оилавий тадбиркорлик юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Оилавий корхона иштирокчилари сифатида оила бошлиғи, унинг хотини (эри), болалари ва набиралари, ота-онаси, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари (болалари ва набираларининг эрлари (хотинлари), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эрлари (хотинлари) ҳамда болалари, тоға ва амаки ҳамда амма ва холалари) бўлиши мумкин.

Оилавий корхона ўз фаолиятини бошқа тадбиркорлик ташкилий ҳуқуқларидан фарқли ўлароқ мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда тегишли бўлган турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар, шу жумладан, ишлаб чиқариш, хўжалик бинолари ва бошқа иморатларда амалга ошириши мумкин.

Давлат оилавий корхонанинг ҳуқуқларига риоя этилишини ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Давлат органлари оилавий корхонани ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашиши шарт.

Давлат органлари қонунчиликда белгиланган тартибда:

фойдаланилмаётган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар уларда товарлар ишлаб чиқаришни (ишлар бажаришни, хизматлар кўрсатишни) ташкил этиш учун оилавий корхонага ижарага берилишини;

ишлаб чиқариш майдонлари қуриш учун оилавий корхонага ер ажратилишини;

оилавий корхона ишлаб чиқариш объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишини;

оилавий корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилиш учун махсус жойлар берилишини таъминлайди.

Оилавий корхона қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланиши мумкин.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга 2023 йилнинг 1-ярим йиллигида тадбиркорлардан жами 4 414 та мурожаат келиб тушган бўлса, шуларнинг 147 таси оилавий корхоналардан йўлланган. Мазкур мурожаатларнинг 56% ижобий ҳал этилган.

Мисол учун: "SERVIS TRAKTOR TA’MIR" оилавий корхонасининг Қўшкўпир тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан қарздорликни ундиришда амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати Вакил девони томонидан кўриб чиқилди. Вакилга “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Қонун билан берилган ваколатдан фойдаланган ҳолда Шовот туманлараро иқтисодий судига "Қўшкўпир туман йўллардан фойдаланиш" унитар корхонасидан "Сервиз трактор таъмир" оилавий корхонаси фойдасига 180 195 592 сўм ундириш ҳақида даъво ариза киритилди.

Суднинг 17.03.2023 йилдаги қарорига асосан 180 195 592 сўм маблағ ундирилиши белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йилда тадбиркорлар билан илк бора ўтказган очиқ мулоқотида барча йўналишлар каби оилавий тадбиркорликни кенг ривожлантириш борасида ҳам таклифлар илгари сурилди.

Хусусан, очиқ мулоқотда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратиш механизмини соддалаштириш, аҳоли бандлигини ошириш, даромад манбаини кенгайтириш ва меҳнат фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йил 20 декабрда “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-55-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан 2022 йил 1 январдан бошлаб оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида лойиҳаларни молиялаштириш учун мақсадли жамғармалар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ресурслари тижорат банкларига йиллик 10% ставкада жойлаштирилиши белгиланди.

Қолаверса, оилавий тадбиркорлик учун йиллик йўналиши бўйича 3 ойдан 5 йилгача турли имтиёзли даврлар билан 14% ставкада имтиёзли кредитлар берилиши қайд этилди. Ва ушбу кредитларнинг маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга масъул туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисига бириктирилган маҳаллада истиқомат қилаётган (жойлашган) қарз олувчига берадиган тавсияси асосида ажратилиши йўлга қўйилди.

Натижада ҳар йили оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1,5 триллион сўм субсидиялар ажратилмоқда.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратиш механизмини соддалаштириш, аҳолининг бандлиги ва даромад манбаларини кенгайтиришга доир меҳнат фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 декабрдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-39-сон қарорига асосан 2022 йил 1 мартдан дастурлар доирасида кредитлар тўлиқ рақамлашган ҳолда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали ажратилиши белгилаб қўйилди.

Oilakredit.uz ягона электрон платформаси орқали аҳолига ўзини ўзи банд қилиш учун кредитлар белгиланган мезонлар асосида скоринг баҳолаш натижаларига кўра, автоматлаштирилган ҳолда ажратилади.

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида тажриба орттирган 500 мингдан зиёд микро-бизнес вакиллари фаолият кўрсатмоқда. Жорий йил 18 август Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотида энди 9 минг 400 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ўз ҳудудида микродан кичик бизнесга ўсмоқчи бўлган 3-4 нафар тадбиркорни ҳар ойда бизнес марказларига жалб қилишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Албатта, оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш, уларни микро ва кичик бизнес субъектларидан йирик корхоналар даражасига кўтарилишини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳам бор. Илғор хорижий тажрибалар асосида келгусида бу соҳани янада такомиллаштириш борасида янгидан-янги, мукаммал таклифлар ишлаб чиқилади.

Бизнес-омбудсман

Дилмурод Касимов

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение