Жиззах вилоятида фаолият
юритувчи “Малика” МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари Ш.Рашидов туман электр
таъминот корхонаси ходимларининг ҳаракатларидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга
мурожаат қилди.
Мурожаатчи “Малика” МЧЖ
2019 йилда электр тармоғидан узилган бўлишига қарамасдан Ш.Рашидов туман электр
таъминот корхонаси томонидан ноқонуний электр энергиясидан қарздорлик ҳисоблаб
келаётганлиги, бу борада ўрганиш ўтказиб, “Электр ҳисоб” дастурига ноқонуний
киритилган қарздорлик чиқарилишида амалий ёрдам беришни сўраган.
Ушбу ҳолатлар Вакил
девони ходимлари томонидан “Ўзэнергоинспекция” Жиззах ҳудудий бўлими
ходимларини мутахассис сифатида жалб қилиш орқали ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, “Малика”
МЧЖ ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Жиззах ҳудудий филиали ўртасида 2018 йил
электр таъминоти шартнома тузилган ва электр энергиясидан фойдаланиш учун
ток-транформаторлар орқали рақамли электрон ҳисоблаш ускунаси ўрнатилган.
Ўрганиш вақтида жамиятга
қарашли 160 кВA трансформатор 10 кВ ҳаво тармоғидан узилганлиги, электр
таъминот корхонаси томонидан ўрнатилган ток-трансформатори ва ҳисоблагичга
ўрнатилган энергосотиш муҳрлари эса соз ҳолатда, яъни бузилмаганлиги аниқланган.
Шунингдек, жамиятга
қарашли ҳисоблаш ускунаси кўрсатгичларига аниқлик киритилганда, ҳисоблагич
кўрсатгичи жойида 2103 кВт.с.ни, Ш.Рашидов туман электр таъминот корхонасининг
ПК “Электр ҳисоб” дастурида эса 2180 кВт.с.ни ташкил қилганлиги, шу билан
бирга, 2021 йилнинг август ойи учун ҳам “Малика” МЧЖга 3000 кВт.с. шартномавий
лимит асоссиз киритиб юборилганлиги маълум бўлган.
Юқоридагиларга асосан,
ўрганишда аниқланган ҳолатлар бўйича “Ўзэнергоинспекция” Жиззах ҳудудий бўлими
томонидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Жиззах ҳудудий филиалига асоссиз
киритилган 3080 кВт.с ҳамда шартномага
мувофиқ ҳар ойлик олдиндан фойдаланиш учун ҳисобланган 3000 кВт.с ПК
“Электр ҳисоб” дастурига ноқонуний киритилганлиги сабабли, дастурдан чиқарилди
ва Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорнинг мурожаати ижобий ҳал этилди.