10 ноября 2025 г.

Андижонда тадбиркорлар томонидан сарфланган сув сарфи ўрганилди

Давлатимиз раҳбари сувни тежаш маданиятини кучайтириш, соҳага оид меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича доимий кўрсатмалар бериб келмоқда. БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида Ўзбекистонда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форуми ўтказилиши ҳақидаги таклиф ҳам бу йўналишдаги глобал масъулиятни акс эттиради.

Бугунги кунда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш билан бирга сув сарфининг ҳисоб-китобида шаффофлик ва адолатни таъминлаш ҳам долзарб вазифалардандир.

Солиқ кодексига кўра, қишлоқ хўжалиги корхоналари учун сув солиғини ҳисоблашда муайян тартиб мавжуд. Унга кўра, солиқ органлари 1 октябрга қадар аввалги солиқ даврида фойдаланилган сув ҳажмининг 70 фоизи миқдоридаги солиқ суммасини аниқлайдилар. Аввалги даврда фойдаланилган сув ҳажми тўғрисида маълумот бўлмаган тақдирда, солиқ суммаси сув истеъмоли нормативлари бўйича ҳисобланади. Тадбиркорлар 1 октябргача аниқланган йиллик солиқ суммасининг 70 фоизини тўлайдилар.

Бунда сувдан фойдаланувчи ва сув истеъмолчиси билан хизмат кўрсатувчи ташкилот ўртасида ҳар ой якуни билан «сувни етказиб бериш ва қабул қилиш тўғрисида» икки томонлама далолатнома расмийлаштирилиши лозим. Айнан шу ҳужжатлар сув сарфининг асоси ҳисобланади.

Бизнес-омбудсман девони томонидан Андижон вилоятида ўтказилган таҳлил жараёнида сув солиғини ҳисоблаш механизмидаги тафовутлар аниқланди. Унда 8105 та қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан фойдаланилган 1026,4 млн м³ сув ҳажмига доир маълумотлар ўрганилди. Ўрганишлар натижасида «сувни етказиб бериш ва қабул қилиш тўғрисидаги» далолатномаларда жиддий тафовутлар кузатилди.

Мисол учун, Қўрғонтепа туманида аввалги йилда сувдан фойдаланган 838 та корхонадан 673 тасининг сув ҳажми кўрсаткичларида номувофиқликлар аниқланган. Бу эса ушбу тадбиркорларга сув солиғининг 70 фоизини аниқлашда ортиқча тўлов ҳисобланишига сабаб бўлган.

Бизнес-омбудсман девони аралашуви билан сув етказиб берувчи ташкилот томонидан 673 та корхонанинг истеъмол қилган сув ҳажми маълумотларини мувофиқлаштириш юзасидан солиқ органларига аниқланган ахборот тақдим этилиши таъминланди. Натижада тадбиркорларнинг солиқ тўловлари қайта ҳисобланди. Айни вақтда қолган тадбиркорлар маълумотларини кўриб чиқиш бўйича ҳам тегишли чоралар кўрилмоқда.

Мазкур ҳолат сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда унинг ҳисоб-китобида шаффофлик ва аниқлик бўлиши муҳимлигини яна бир бор кўрсатади. Аниқ ва тўғри ҳисоб-китоблар – бу нафақат ортиқча солиқ тўловларининг олдини олиш, балки сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга ҳам ундайди.

Ҳурматли тадбиркорлар, агар фаолиятингизда сув солиғини ҳисоблаш, сув етказиб бериш-қабул қилиш далолатномаларини расмийлаштириш каби масалаларда муаммога дуч келсангиз, Телеграм гуруҳи https://t.me/biznesombudsmangamurojaat ёки 1100 қисқа рақами орқали Бизнес-омбудсман девонига мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Шавкат Мирзиёв

Президент Республики Узбекистан

«Предпринимательское движение в Узбекистане стало необратимой силой. Чем богаче будут наши предприниматели, тем обеспеченнее будет жить наш народ, тем могущественнее будет наше государство. Успех предпринимателя — это успех всего нашего народа»

Text to speech
Звуковое сопровождение