Амалдаги қонунчиликка кўра, нодавлат таълим муассасалари ҚҚС ва фойда солиғи тўловчиси ҳисобланмайди.
Бироқ Фарғона вилоятида аниқланган ҳолатга кўра нодавлат таълим муассасаси нодавлат-нотижорат ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтган. Бунинг оқибатида, у автоматик равишда ҚҚС ва фойда солиғи тўловчисига айланиб қолган. Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотлар базасида тегишли таснифлагичларга ўзгартиришлар киритиш орқали тадбиркорнинг масаласи ижобий ҳал этилди.
Mаълумотлар базасида ўрганилган таҳлил натижаларига кўра, мактабгача ва умумий ўрта таълим фаолияти билан шуғулланувчи 1800 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг таснифларида шу каби номувофиқликлар мавжудлиги аниқланди. Бу эса, уларнинг ҳам босқичма-босқич ҚҚС ва фойда солиғи тўловчисига айланиши ва қўшимча солиқ юкламаси вужудга келишига сабаб бўлади. Бизнес-омбудсман девони ушбу масалани бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўрмоқда.
Ҳурматли тадбиркорлар, фаолиятингизда шу каби муаммога дуч келсангиз, Бизнес-омбудсман девони томонидан ташкил этилган Телеграм гуруҳи (https://t.me/biznesombudsmangamurojaat) ёки 1100 қисқа рақами орқали мурожаат қилишингиз мумкин.