10 октября 2025 г.

Иссиқхона хўжаликлари учун молиявий имтиёзлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-181-сонли Фармони қабул қилинди.

 

Иссиқхона хўжаликлари узлуксиз ишлашини таъминлаш учун уларга қуйидаги имтиёзлар берилди:

иссиқхона фаолиятидан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 60 фоизини ташкил этган тадбиркорлик субъектлари учун 2026 йил 1 январдан бошлаб 2028 йил якунига қадар ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади;

фаолият юритаётган иссиқхона хўжаликларининг 2025 йил 1 октябрь ҳолатига мавжуд солиқ қарзи юзасидан тўлов муддати фоизларни ҳисобламаган ҳолда 2028 йил якунига қадар узайтирилади ҳамда ушбу солиқ қарзи 2029 йилнинг ҳар чорагида тенг улушларда тўланади. Бунда солиқ қарзини ундириш бўйича:

иссиқхона хўжаликларига қўлланган маъмурий ва молиявий жарималар ҳамда барча ҳисобланган пенялар тўлиқ ҳисобдан чиқарилади;

иссиқхона хўжаликлари банк ҳисобварақларига қўйилган инкассо топшириқномалари чақириб олинади;

юридик ва жисмоний шахсларнинг иссиқхона хўжаликлари бўйича ер солиғи ер фонди тоифасидан қатъи назар қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлар учун белгиланган солиқ ставкаларида ҳисобланади. Бунда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун солиқ ставкаларида ҳисобланган ер солиғи суммаси 2025 йил январдан қайта ҳисоб-китоб қилинади;

кредит мажбуриятлари бажарилмагани сабабли тижорат банклари балансига ўтган иссиқхоналар ва гаров таъминотида бўлган кўчмас мулк объектларини реализация қилиш бўйича айланмалар 2028 йил 1 январга қадар қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод этилади, шунингдек, мазкур мулклар тижорат банклари балансига қабул қилинган вақтдан янги ташаббускорга сотилгунга қадар бўлган давр мобайнида ер солиғи тўлашдан озод қилинади;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида қурилган иссиқхона мажмуаларини фойдаланишга қабул қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда Ер кодексининг 43-моддасига асосланган ҳолда мазкур ер участкаларини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан чиқариш талаб этилмайди, ушбу мажмуалар ва улар жойлашган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин тижорат банклари томонидан уларни кредит таъминоти сифатида қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди;

иссиқхона хўжаликлари учун ажратилган ер майдонининг 5 фоизи, лекин 20 сотихдан ошмаган қисмига қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасини ўзгартирмаган ҳолда иссиқхона инфратузилмасини (қозонхона, маҳсулотларни саралаш ва қадоқлаш, иссиқхона эҳтиёт қисмларини сақлаш, хизмат бинолари) барпо қилишга рухсат берилади.

 

Иссиқхона хўжаликлари фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингидан қатъи назар 2030 йилга қадар қуйидаги молиявий имтиёзлар жорий қилинади:

Кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси ҳисобидан:

иссиқхона хўжаликлари лойиҳаларининг бизнес-режасидаги иш ўринларини яратиш ва маҳсулотлар реализациясидан тушум каби кўрсаткичлар бажарилишининг ўртача миқдори 2025-2027 йилларда 30 фоиздан ва 2028-2029 йилларда 50 фоиздан юқори бўлган иссиқхона хўжаликларига "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" акциядорлик жамияти томонидан ажратилаётган компенсация ёрдами қайта тикланади ва тўлаб берилади;

2025 йил 1 октябрга қадар иссиқхона йўналишида ажратилган кредит (лизинг)лар миқдоридан қатъи назар барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига ҳисобот ойи якунида муддати ўтган қарздорликлар мавжуд бўлмаган тақдирда, хорижий валютада ажратилган кредит фоизининг 4 фоиз пунктидан юқори қисми, миллий валютада ажратилган кредит фоизининг 14 фоиз пунктидан юқори қисми компенсация қилиб берилади;

мазкур кичик банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган имтиёзлар бир вақтнинг ўзида қўлланишига йўл қўйилмайди;

Қишлоқ хўжалигини давлаттомонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари томонидан иссиқхона хўжаликларига ҳосил қийматининг 50 фоизи миқдорида айланма маблағларни тўлдиришга, шунингдек, чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатишга 12 ой муддатга йиллик 14 фоиз ставкада (шундан 4 фоиз банк маржаси) имтиёзли кредитлар ажратилади;

иссиқхона хўжаликлари томонидан Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси орқали харид қилинган иссиқлик насосларини ўрнатиш харажатларининг 20 фоизгача қисми Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Шавкат Мирзиёв

Президент Республики Узбекистан

«Предпринимательское движение в Узбекистане стало необратимой силой. Чем богаче будут наши предприниматели, тем обеспеченнее будет жить наш народ, тем могущественнее будет наше государство. Успех предпринимателя — это успех всего нашего народа»

Text to speech
Звуковое сопровождение