
Қорақалпоғистон Республикасида фаолият кўрсатувчи тадбиркор ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам сўраб Бизнес-омбудсман девонига мурожаат қилди.
Аниқланишича, Элликқалъа тумани ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилган тадбиркор “Elektron onlayn auksion” савдо майдончасида иштирок этиб, ғолиб деб топилди ва ер участкасига эгалик ҳуқуқини қўлга киритди. Бироқ, ер участкасини ўз номига давлат рўйхатидан ўтказиш ва қурилиш ишларини бошлаш жараёнида кутилмаган муаммога дуч келди.
Маълум бўлишича, Мажбурий ижро бюроси (МИБ) томонидан туман ҳокимлигининг қарздорлиги сабабли, ҳокимликка тегишли бўлган барча мол-мулкларга, шу жумладан, аукцион орқали тадбиркор томонидан ютиб олинган ушбу ер майдонига ҳам тақиқ қўйилган эди. Бу ҳолат тадбиркорнинг ўз фаолиятини бошлашига тўсиқ бўлди.
Бизнес-омбудсман девони ёрдамида ягона электрон савдо майдончаси орқали ютиб олинган ва аввал ҳокимликка тегишли бўлган ер майдонига қўйилган барча тақиқлар бекор қилиниши таъминланди.