
Бугун, 10 июль куни Навоий шаҳрида Бизнес-омбудсман девони
томонидан назорат қилувчи органлар ходимлари учун малака ошириш курси ташкил
этилди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил
14 ноябрдаги “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя
қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-184-сон Фармони ижросини таъминлаш
мақсадида ўтказилди. Мазкур фармонга кўра, 2025 йилдан бошлаб назорат қилувчи
органларнинг текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномага эга ходимлари ҳар
икки йилда Бизнес-омбудсман томонидан ташкил этиладиган ўқув курсларида
малакасини оширади.
Тадбирда вилоятда фаолият юритувчи 23 та назорат қилувчи
органлардан 200 дан ортиқ текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномага эга
ходимлар иштирок этди.
Малака ошириш курси давомида назорат қилувчи органлар
ходимларига текшириш тартиби билан боғлиқ муҳим тартиб-таомиллар тушунтирилди.
Жумладан, текширишда иштирок этувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, текшириш
ўтказишда ваколатли органни хабардор этиш, текширувларни ўтказиш, уларнинг
ўтказилишини мониторинг қилиш ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш,
шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида профилактик тадбирларни ўтказиш
масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўқув курси якунида иштирокчилар ўртасида амалиётда юзага
келаётган ҳолатлар ва уларнинг ечимлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.