
Сурхондарёда фаолият кўрсатувчи тадбиркор банк томонидан суд
қарори чиқарилгандан сўнг ҳисобланган кредит фоизларини бекор қилишда амалий
ёрдам сўраб Бизнес-омбудсман девонига мурожаат қилди.
Аниқланишича, банк ва тадбиркорлик субъекти ўртасида 2022
йил 14 апрелда имзоланган кредит шартномасига асосан 600 млн сўм миқдорида
кредит ажратилган. 2023 йилда тадбиркорлик субъекти кредитни ўз вақтида тўлай
олмагани сабабли, суд қарорига кўра қарздорлик гаровдаги мулкларга қаратилган
ва банк балансига ўтказилган.
Ваҳоланки, 2024 йил 27 февралдаги ЎРҚ-914-сон Қонунда кредит
бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд
қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан фоизлар,
шунингдек неустойка ҳисобланиши тўхтатилиши белгиланган. Шунга кўра, 2024 йил 1
январдан 2025 йил 2 июнга қадар ҳисобланган 200 млн сўм фоиз қарздорлиги
ҳисобдан чиқарилиши таъминланди.
Агар сиз ҳам тадбиркорлик фаолиятингизда шу каби муаммоларга
дуч келсангиз, Бизнес-омбудсман девонига мурожаат қилишингиз мумкин.